Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 5 миллион сўмлик пул мукофоти берилади

Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади.

Унга кўра, Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди.

Ўтган йили 2 миллион сўмдан берилган эди.

Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истаклари асосида улар ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафари ташкил этилади ҳамда ушбу сафар билан боғлиқ барча харажатлар қопланади.

Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг истаклари асосида Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборишни ташкил этиб, уларни зарур авиа ва темир йўл чипталари билан таъминланади.