Америкада бепул адвокат хизматининг иммигрантга нечоғли фойдаси тегади

Бруклинда суд бўлаяпти. Ўзбекистонлик йигит ўз адвокати билан гаплашаяпти. Унинг ёнида дўсти турибди, адвокатнинг сўзларини таржима қилаяпти. Адвокат, агар йигит айбини бўйнига олса, камроқ жазо олиши мумкинлигини айтаяпти. Йигит эса ҳеч кимни урмаганини, ўша куни машина тўқнашган кўчадан видеоёзувларни топишни сўраяпти. Унинг дўсти ҳам айбини тан олиш кераклигини уқтираяпти. Эмишки, шундай қилса, жарима камроқ бўлади.

Гап шундаки, чорраҳада иккита машина тўқнашиб кетади, сўнгра ҳайдовчилар машинадан тушиб, орани очиқ қилишга киришиб кетади. Ўзбек йигит бошқа ҳайдовчини урганликда айбланаяпти. Аммо у айбини тан олмаяпти. Айтишича, иккаласи ҳам бир-бирига роса бақиришган, лекин иккинчи ҳайдовчи унинг устидан шикоят қилган, ўзбек йигити эса шунчаки кетиб қолган.

Мен Нью-Йоркда турли иммиграцион мақомдаги ва нолегал собиқ юртдошларимиз хоҳ у жиноят ишлари, оилавий суд бўлсин ёки Олий судда бўлсин, жуда кўп учратиб тураман. Биламизми, нимани тушуниб етдим, бизникиларнинг аксарияти бепул адвокат ёллашни маъқул кўришади.

Аввалдан шуни айтиб қўяйки, АҚШда агар адвокат ёллашга молиявий имкониятингиз бўлмаса, сизга у бепул тақдим этилади. Бунда оилавий судларда, яъни турмуш ўртоғингиз билан фарзандга бўлган ҳуқуқни ёки алимент тўловига оид масалани ҳал қилаётган бўлсангиз, сиз ўзингизни ўзингиз ҳимоя қилишингиз мумкин, жиноят ишлари бўйича судларда эса албатта профессионал адвокат қатнашиши лозим.

Албатта, бепул дегани ёмон дегани эмас. Қонунга кўра, барча адвокатлар, ҳатто энг машҳур адвокатлар ҳам ўз хизматларини муайян соат pro bono, яъни бепул тақдим этишлари лозим. Шу йўл билан одил судловга бўлган ҳуқуқ ва имконият кафолатланади. Аммо уларнинг жуда камдан-кам қисми бу ишни чин юракдан бажариб, қиммат вақтини самимий сарфлаши мумкин. Шунинг учун ҳам, бу менинг “ўзимиз”нинг кўплаб иммигрантларимизга судларда қилган ёрдамларимдан келиб чиқиб, шахсий кузатувларим асосида айтишим мумкинки, қиммат адвокатлар ҳар доим ҳам сизнинг ишингизни фойдангизга эмас, балки унинг учун имкон қадар жуда кам вақт кетадиган йўл-йўриқни тавсия қилади.

Агар ўқувчиларим орасида амалиётчи адвокатлар бўлса, уларнинг фикрларини билиш мен учун қизиқ. Мен адвокатлар масаланинг бир неча вариантини айта туриб, мижозга эмас, балки ўзига маъқул ишга кўпроқ урғу берган вазиятларни жуда кўп кузатганман. Масалан, рулда бўлганда қайндайдир кичик ҳуқуқбузарлик учун айбни бўйинга олиш ва жарима тўлашни тавсия қилишади. Ёки хотини устидан зўравонлик қилганини тан олиш кераклигини айтади. Жуда кўп гувоҳ бўлганим, аксарият ҳолатларда айбланувчилар, асосан эркаклар, бунга рози бўлгиси келмайди. Адвокат мижозга қандайдир босим ўтказишга ҳаққи йўқ, у барча оқибатларни бир хил тушунтириши керак. Шунинг учун ҳам судья “Айбингизни бўйнингизга оласизми?”, “Кимдир сизга ўз айбингизни тан олишга босим ўтказдими?” деб сўрайди. Шу сабабли адвокат мижозга босим қилмасдан, маҳорат билан ўзига маъқул қарорни танлашга уринади. Бу табиийки мижоз учун ҳар доим ҳам яхши якун бўлмаслиги мумкин.

Шунинг учун, азизлар, мен адвокатнинг маслаҳатларига рози бўлгандан кўра етти карра ўйлаб, керак бўлса, бошқа адвокат билан ҳам маслаҳатлашиб кўришни тавсия қиламан. Бир марталик оқибат, масалан, имкон қадар машинага қайтиб, “убер”да ишлашни давом эттириш ҳақида ўйламасдан, бир неча юз долларнинг бахридан кечиб бўлса-да, мазкур суд ишининг ёки айбни тан олишингизнинг узоқ муддатли оқибатлари тўғрисидаги чуқурроқ мушоҳада қилиб кўришингиз айни муддао. Чунки бир умр таксист бўлиб қолмайсиз-ку! Бир кун келиб шаҳар ёки штат маъмуриятига ишга киришни исташингиз мумкин. Ўшанда бунақа суд ишлари сизга тўсиқ бўлиши мумкин.

Адвокатлар коллегиясида (BAR Association) бепул маслаҳат хизмати мавжуд. Унда ўз соҳасидаги тажрибали мутахассислар жам бўлган. Жуда кўп ҳолатларда улар сизга телефон орқали ҳам бепул маслаҳат беришлари мумкин. Legal Referral Service – NYC BAR Association’нинг 212-626-7373 рақамли телефонига сим қоқинг ва сизга қайси йўналишда адвокат кераклигини айтинг, улар сизга зарур адвокатни тавсия қилишади.

Муаллиф: Бруклинский мост