“Mening fikrim” веб-порталига дастлабки жамоавий мурожаатлар жойлаштирилди

Шу йилнинг 20 апрелидан синов тариқасида ишга туширилган онлайн-петиция — “Mening fikrim” веб-порталига дастлабки тўртта жамоавий мурожаат жойлаштирилди.

Порталга келиб тушган мурожаатлар парламент палаталари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида кўриб чиқиш учун юборишлари мумкин.

Ҳозирги вақтда порталда тўртда мурожаат эълон қилинган:
1. Аёллар ва эркаклар учун никоҳ ёшини бир хил этиб (18 ёш) белгилаш лозим;
2. Темир йўл вокзалларига кириб-чиқишни эркинлаштириш лозим;
3. Мактабларда ўқувчилардан, уларнинг ота-оналаридан пул йиғиш ҳолатларига барҳам бериш ва бунга йўл қўйган шахсларга жавобгарлик белгилаш лозим;
4. Бозорлар ҳисобидаги дўкон ва расталарни онлайн ижарага бериш ва электрон ҳисобга олиш тизимини жорий этиш лозим.

Қайд этиш керакки, “Mening fikrim” веб-портали модератори мурожаатни камида 5 нафар шахс қўллаб-қувватлаши учун мурожаат ташаббускорига махсус ҳаволани жўнатади.

Агар мурожаат етарли миқдорда овоз тўпласа, унда мурожаат модератор – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан экспертизага қабул қилинади.

Модератор мурожаатни ўрнатилган талабларга мувофиқлигини текшириш учун экспертиза ўтказади. Бунда қуйидаги масалалар кўриб чиқилмайди:

– мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган даъватлар;
– жамиятнинг маънавий қадриятларига путур етказадиган, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини поймол қиладиган;
– уруш, зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилиш, миллатлараро, ирқий, диний адоват, экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни қўзғатиш тўғрисидаги;
– террорчилик ҳаракатларини содир этишга, қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга даъват қилиш тўғрисидаги ва низомда белгиланган бошқа масалалар.

Мурожаатга модератор ижобий хулоса бергандан сўнг бир кун ичида мурожаат умумий овоз бериш учун «Mening fikrim» веб-порталида эълон қилинади. Агар мурожаат белгиланган талабларга жавоб бермаса, у рад этилади ва мурожаат муаллифига хабар берилади.

Умумий овоз бериш мурожаат эълон қилингандан сўнг 90 кун давомида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000 та овозини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилган мурожаат камида 5 000 та овозни, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига юборилган мурожаат 1 000 та овозни тўплаши зарур.

Етарли миқдордаги овозларни тўплаган мурожаат модератор томонидан кейинги кундан кечиктирмай ваколатли давлат органларига юборилади.