Тошкент — Нью-Йорк йўналиши бўйича авиачипталар нархи арзонлаштирилди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 31 мартдан баҳор охирига қадар Тошкентдан Нью-Йоркка ва ортга қайтиш учун чипта нархларини арзонлаштирди.

Газета.uz хабар қилишича, S эконом класс учун бир томонга энг арзон чипта нархи 288 евро (минус 89 евро), бориш-келишга эса 496 еврогача (минус 125 евро) арзонлаштирилди. Қимматроқ O эконом класс чиптаси нархи 377 еврогача (минус 60 евро), ҳар икки томонга — 621 евро (минус 100 евро) пасайтирилди.

5 апрелдан 25 октябргача «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Нью-Йоркка иккинчи — пайшанба кунлари, 29 майдан 17 сентябргача — учинчи — сешанба кунлари қатновларни жорий этади.

Тошкентдан Нью-Йоркка учувчи йўловчиларнинг катта қисми Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятидан эканини ҳисобга олган ҳолди МАК 4 апрелдан 31 майгача чоршанба ва шанба кунлари махсус тарифли ҳамда Нью-Йорккача улама рўйхатга олиш имконияти бўлган рейсларни очмоқда.

Самарқанд аэропортидан учиб келувчи йўловчилар юкларини Нью-Йорккача рўйхатдан ўтказишлари ва Нью-Йорк рейсига қўниш талонини олишлари мумкин.

Тошкент аэропортида транзит йўловчилар маҳаллий қатновлар терминалидан шаттл-автобусларда халқаро терминалга етказилади.

Авиакомпания бу каби қатновларни Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам очишни режалаштирмоқда.

«Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент» рейси Boeing-787 Dreamliner самолётларида амалга оширилади.