Президент товарлар импорти 30 фоизга ошганини кескин танқид қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 29 май куни экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қайд этилишича, ўтган бир ярим йил мобайнида экспортни рағбатлантириш ва бунинг учун зарур қулайлик ва имтиёзлар яратиш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси доирасида жорий этилаётган янгиликлар, тармоқлар ҳамда ҳудудлардаги мавжуд экспорт салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича кўрилаётган амалий чоралар натижасида экспорт ҳажми ошмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 25 майига қадар 4 миллиард 576 миллион доллар ҳажмида экспорт амалга оширилган. Шу ойнинг охиригача белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилади. 2017 йилнинг 5 ойига солиштирганда, экспорт ҳажми қарийб 21 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шунингдек, биринчи ярим йилликда 5 миллиард 886 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, прогноз кўрсаткичлари 100,9 фоизга бажарилиши ва 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 25 фоиз ўсишга эришиш мўлжалланмоқда.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш иштирокчилари эътиборини ана шундай ижобий натижаларга қаратар экан, айни вақтда улар мавжуд имконият ва салоҳиятга нисбатан анча пастлигини таъкидлади. Айрим тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари бу борада ўз масъулиятини етарли даражада ҳис этмаётгани, бу эса экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича резервлар тўлиқ ишга солинмаслигига сабаб бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.

Селектор йиғилишида мамлакатимизда импортни оптималлаштириш ишлари мутлақо қониқарсиз аҳволда экани қайд этилди. Жорий йилнинг 4 ойи мобайнида мамлакатимиз бўйича товарлар импорти 4 миллиард 858 миллион долларни ташкил этиб, 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 1 миллиард 111 миллион долларга ёки 30 фоизга ошган. Бундай ҳолатга сабаб бўлган омиллар асосан импорт таркибини ўрганиш ва импортни оптималлаштириш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмагани, январь-апрель ойларида комплекслар таркибига кирадиган корхоналар томонидан юртимизда ишлаб чиқариш ўзлаштирилган товарларни харид қилиш ўрнига, четдан шу турдаги 89 миллион долларлик маҳсулот импорт қилингани билан боғлиқ экани айтиб ўтилди.