Ташқи ишлар вазирлиги: Ўзбекистонда радикализмга қарши курашда репрессив чоралардан воз кечилмоқда

    2018 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида “Amnesty International” халқаро ноҳукумат ташкилотининг (ХНҲТ) Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Мари Струтерс бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

    Суҳбат давомида Ўзбекистон ва “Amnesty International” ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

    Мари Струтерс ва унинг ҳамроҳлари Бош прокуратура, Олий суд, қатор вазирлик ва идораларда, бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлардан олган таассуротлари тўғрисида сўзлаб бердилар.

    Вазирликдаги учрашувда Ўзбекистон томонининг “Amnesty International”дан яширадиган ёки муҳокама кун тартибидан олиб ташланадиган масалалари йўқлиги қайд этилди.

    Мамлакатимиз суд тизимида инсонпарварликни ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда, радикализмга қарши курашда анъанавий, аксарият ҳолларда репрессив кўриниш олган чоралардан воз кечилмоқда. Кўпроқ эътибор профилактика, иш билан таъминлаш, ижтимоий реабилитация, маърифат ва тарбияга қаратилмоқда.

    Таъкидланганидек, Ўзбекистон эришилган натижада тўхтаб қолмаслик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида аниқ саъй-ҳаракатларини давом эттиришни қатъиян мақсад қилган.