Генерал Собир Раҳимов ҳайкали аввалги жойига қайтарилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Норин тумани ҳокимиятида вилоят фаоллари, ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

KUN.UZ мухбири хабарига кўра, видеоселектор давомида Шавкат Мирзиёев фашизм билан курашда катта матонат ва қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек генерали Собир Раҳимов шахсига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

“Мана, 9 май яқинлашиб келяпти. Мени қийнаб келаётган яна битта масала бор. Шафқатсиз фашизм билан курашда уруш майдонларида қолиб кетган буюк боболаримиз бор. Шуларни ичида биргина бўлган генерал Собир Раҳимовнинг номини эсламай ҳам қўйдик. Мана шу қаҳрамон генералимизнинг ҳайкалини тарих ва адолат учун тиклаб қўйсак. Бу иш 9 майгача амалга оширилса яхши бўларди”, – деди президент.

Эслатиб ўтамиз, генерал Собир Раҳимов ҳайкали 2011 йилнинг қишида Ғофур Ғулом боғига кўчирилган. Бундан аввал ҳайкал Собир Раҳимов тумани ҳокимлиги биноси олдида турган. 2010 йилда эса туман номи Олмазор этиб ўзгартирилди, ундан аввал «Собир Раҳимов» метро бекатига ҳам «Олмазор» номи берилди.