Дональд Трамп Тошкентга келганми?

Ўзбекистондаги энг машҳур парфюм дўконлар тармоғи — Parfum Gallery’нинг асосчиси ва эгаси Гулчеҳрабегим Маҳмудованинг гувоҳлик беришича, Дональд Трамп Тошкентга келган. Биринчи хотини Ивана билан. Бундан 31 йил аввал. Маҳмудова хоним шундай ёзади:

«1987 йил. Тошкент. Москвадан Деҳлига кетаётган Дональд Трамп рафиқаси Ивана билан бирга бир кун Тошкентда бўлганди… Трампни Тошкентда Ўзбекистоннинг Хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий алоқалар жамияти (ЎзХМДМАЖ) раиси ўртоқ Ф.Г. Тешабоев қабул қилганди.

Ўшанда мен ЎзХМДМАЖда ишлардим, жамият қошида «Традиция» номли кооперативим ҳам бор эди. Менга оқшомда Трамплар учун тўй томошаси уюштириш ва уларни Эски шаҳарда кабоб ва палов билан меҳмон қилишни топширишди. Трампни қувноқ, очиқ, Осиё тарихи ва маданиятига қизиқувчи бир инсон сифатида эслайман, калондимоғликдан йироқ эди».

Daryo.uz сайтининг телеграмдаги Daryo — Live канали эса бунга қуйидагича изоҳ берган: “Мана, бизни айтди дейсиз ҳали: Трамп Тошкентга яна келади. Келади! Тошкентнинг тариғини еган чумчуқ Маккадан ҳам қайтиб келади. Бу палов билан кабоб еб юборган экан, албатта келади!

Суратда: 1987 йили биринчи марта Москвага келган Трамп СССР президенти Горбачёв билан кўришяпти. Ким билсин, балки Тошкент палови ҳақида баҳслашишаётгандир.”