Америкалик ватандошлар Ўзбекистонда хайрли ишга қўл уришди

Маълумки, Рамазон ойида оиламизга, қариндош-уруғларимизга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланганларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам бериш, беморлар ҳолидан хабар олиб, уларни бориб кўриш урфга кирган.

Яқинда Америкадаги бир гуруҳ ватандошларимиз ҳам ана шундай эзгу ишга қўл уришди. Гап шундаки, улар ўзаро маслаҳат қилиб, она ватандаги Меҳрибонлик уйларидан бирига яқиндан ёрдам беришга қарор қилишди. Бўка туманидаги Меҳрибонлик уйи маъмурияти, қолаверса, Бўка тумани ҳокимлиги билан маслаҳатлашувдан сўнг мазкур болалар уйидаги ўғил-қизларнинг кўҳна ва тарихий — Самарқанд шаҳрига сафарини уюштириш бўйича тўхтам келинди.

Дарвоқе, аввалбошданоқ эзгу ишни қўллаб-қувватлашга, унга озгина бўлса-да, ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлганлар сафи кенгайиб борди. Туман ҳокимлиги барча ташкилий масалаларда яқиндан ёрдам берди. Транспорт компанияси вакиллари очиқ чеҳра билан яхшигина чегирма беришган бўлса, исми айтилишини истамаган самарқандлик тадбиркор ватандошимиз эса Самарқандда 100 дан ортиқ болага, уларнинг ҳамроҳларига байрамона дастурхон ёзишди. Бу, албатта, яхши ниятда бошланган бир эзгу ишнинг ташкилий жиҳатлари.

Болаларнинг қувончини айтмайсизми?.. Рости, ўғил-қизларнинг аксарияти Самарқанд ҳақида китоблардан, телевизор, ўзаро суҳбатлардан билар, унинг тарихий савлатини, гўзаллигини ўз кўзи билан кўришмаган эди. Буни болаларнинг ҳайратидан, ҳар бир ёдгорлик, қадамжодаги завқи, қизиқиш билан қарашидан ҳам кўриш мумкин эди.

Сафар давомида, шунингдек, Самарқанд шаҳрида тобора чирой ва кўркам бўлиб бораётган Имом Бухорий мақбараси зиёрат қилинди. “Ўзбекистоннинг барча вилоятларига боришни истайман. Худо хоҳласа, кейинги гал Бухорога борамиз”, дейди Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари.

Кун давомида ўғил-қизлар Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги тарихий шаҳар сир-саноатларидан баҳраманд бўлишди, тарихий ёдгорликлар фонида суратга тушиб, тарихга муҳрлаб қўйишди.

Биз, ўз ўрнида, яратиб берган шарт-шароитлари ва қўллаб-қувватлагани учун Бўка тумани ҳокимлигига, автобус паркига ҳамда барча саховатпеша ватандошларимизга чин юракдан миннатдорлик билдирамиз.