Шавкат МИРЗИЁЕВ: “Арзон ишчи кучи бўлса, чет эл сармояси келади деган сиёсат ҳозирги замон талабига мутлақо тўғри келмайди”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида таълим тизими раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда инсон ресурсларини ривожлантириш пойдевори бўлган, ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи умумий ўрта таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Таълим ходимлари “текин хизматкор”га айланган

Президент бугунги кунда республикада 9,7 минг мактабда жами 5,2 миллион ўқувчи таълим олаётганлиги, бу аҳолининг 16 фоизини ташкил этиши, ўқув-тарбиявий ва бошқарув жараёнида эса 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилаётганлигига қарамасдан, афсуски, сўнгги 20 йилда асосий эътиборни коллеж ва лицейларга қаратиб, умумтаълим мактаблари фаолиятини замон талабларига жавоб берадиган яхлит бир тизимга айлантириш бўйича амалга оширилган ишлар қониқарсиз эканлигини таъкидлади.

Мактабларни молиялаштиришга иккинчи даражали масала сифатида қаралиб, ушбу тизимга бюджет маблағлари “қолдиқ” усулида ажратиб келинганлиги, айниқса халқ таълими тизими ходимлари йиллар давомида ўз фаолиятига хос бўлмаган бошқа ишларга мунтазам жалб қилиниб, том маънода “текин хизматкор” га айланиб қолганлиги кескин танқид қилинди.
Бу каби ҳолатлар мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайишига ҳам сабаб бўлиб, ҳозирги кунда матабларда эркак ўқитувчилар 30 фоизни, Тошкент шаҳрида эса 10 фоизни ташкил қилиши таъкидланди.

Шунингдек, ўқитувчилар ўз устида ишлаб, болаларни фанларга қизиқишини ошириш ўрнига, мактабнинг кам-кўстини ёпиш учун ўқувчилар ота-оналаридан пул йиғиш, тинимсиз текширишга келаётган турли комиссияларни “тинчитиш” билан овора бўлиб қолганлиги мактабларда давомат тушиб кетиши, ўқувчиларнинг кўча-кўйда қаровсиз ҳолда юриши, ҳаттоки безориларга ва турли зарарли оқимларга қўшилиши ҳолатларига олиб келганлиги танқидий муҳокама қилиниб, таъсирчан чора-тадбирлар белгилаш бўйича топшириқлар берилди.

“Инсон капитали”га сармоя киритишни кўпайтириш керак

Давлат раҳбари Жаҳон банки раҳбарияти билан учрашувда, “инсон капитали”га сармоя киритишни кўпайтириш масаласини муҳокама қилинганлиги ҳамда аввалгидек “арзон ишчи кучи бўлса, чет эл сармояси келади” деган сиёсат ҳозирги замон талабига мутлақо тўғри келмаслигини алоҳида таъкидлаб, тегишли топшириқлар берди. Президент дунёда илмий-техник ривожланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг автоматлашиш даражаси ошаётгани сабабли паст малакали ишчи кучига эҳтиёж камайиб бораётганлигини, жумладан, Хитой Халқ Республикаси ҳам айнан замонавий технологияларга асосланган таълимга қаттиқ эътибор қаратиб, катта сармояларни йўналтираётганлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Президент ўқитувчилик касбининг ижтимоий мавқеини ошириш борасида халқаро илғор тажрибалар ва тадқиқотларга алоҳида тўхталиб, Хитой Халқ Республикасида ўтказилган сўровда 55 фоиз аҳоли фарзанди ўқитувчи бўлишини истаган бўлса, Ўзбекистонда сўровномада қатнашганларнинг бор-йўғи 7 фоизи, энг ачинарлиси, ўқитувчилар орасида атиги 3 фоизи фарзанди ўқитувчи бўлишини хоҳлаганини кескин танқид қилди.

Йиғилишда янги тайинланган Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ушбу катта тизимда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни қандай ҳал этиши юзасидан аниқ таклифларни ўртага ташлаши зарурлиги таъкидланиб, муаммолар кўлами ҳамда таълим тизимининг ўзига хослигидан келиб чиқиб, таклиф этилаётган чораларни 3-4 йилда қуйидаги йўналишларда амалга ошириш топшириғи берилди:

Ўқитувчилик касбининг жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни иш фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга, яъни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, обунага жалб қилиш, уйма-уй юриш ва бошқа тадбирларга умуман жалб қилмаслик, турли назорат органлари ва ҳокимликка тегишли ташкилотлар томонидан ўқитувчилар фаолиятини текшириш ва ўрганишлар қатъий чеклаш топшириғи берилди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқий хизматни шакллантириш, оммавий ахборот воситалари орқали ўқутувчининг обрўсини оширишга қаратилган ижтимоий роликлар яратиб, кенг тарғибот ишларини олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Мактабни менежерлар бошқаради

Умумтаълим мактаблари директорлари ва ўринбосарларига бўлган талабни қайта кўриб чиқиш, бунда, ҳақиқий бошқарувчи (менеджерлик) қобилиятига эга бўлган мактаб директорларини тайинлаш, маънавий-маърифий ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари маъсулиятини кескин ошириш, зарур бўлса директорларни сертификация қилиш тизимини жорий этиш, мактабларда ички жамоавий назорат тизимини йўлга қўйиш, намунавий мактабларни кўпайтириш учун мактаблар рейтингини ишлаб чиқишга доир вазифалар белгиланди.

Халқ таълими тизимида молиялаштириш масалалари мутлақо қониқарсиз аҳволда эканлиги таъкидланиб, Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоровга 2019 йил учун давлат бюджетини шакллантиришда халқ таълими соҳасига молиялаштиришни ошириш масаласига жиддий эътибор қаратиш, тизимга юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш учун Халқ таълими вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этиш бўйича кўплаб вазифалар қўйилди.

Яна бир муҳим масала, мактабларни қуриш, реконструкция қилиш бўйича бир неча бор давлат дастурлари қабул қилиниб, амалга оширилган бўлишига қарамай, уларнинг 60 фоизи таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги, бунинг асосий сабаби қурилиш-таъмирлаш ишларига “нопок” пудратчиларни жалб этиб келинаётганлиги танқид қилиниб, Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимовга халқ таълими тизимида махсус Инжиниринг компаниясини ташкил этиш, молиявий назоратни кучайтириш учун халқ таълими тизимида аввалгидек назорат-тафтиш тизимини эмас, балки хориж тажрибасидан келиб чиқиб, молиявий бошқариш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш мақсадида давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини ўқувчининг ҳар бир синфда қайси кўникмаларга эга бўлишидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш,
мактабгача таълим ва олий тизимлари билан узвийликни таъминлашга эътибор бериш, дарсликларни энг замонавий методикалар асосида яратиш ва чоп этиш, мактабларда технология, мухандислик фанлари, математика, санъат, чет тиллари йўналишларини кучайтириш, бу борадаги лабораторияларни қайта жиҳозлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Давлат раҳбари бундан буён ўқувчиларга нафақат фанлардан чуқур ва кенг билим бериш, балки ўқувчиларда кўпроқ мустақил таълим олиш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам бериш бўйича алоҳида топшириқлар берди.

Таълим тизимида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, айниқса, ўқув жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш учун ўқувчилар, ота-оналар, ўқитувчилар ва мактаблар маълумотлар базаларини яратиш, уларни бошқа марказлашган базаларга улаш зарурлигига тўхталиб, ўқувчиларни биринчи синфга қабул қилиш, мактабдан мактабга кўчириш ва бошқа хизматларни электрон шаклга ўтказиш ишлари йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди.

Энг муҳим масалалардан бири ҳанузгача ўқитувчилар ўз иш кунининг
ўртача 4 соатини ҳужжатларни тўлдиришга, қоғозбозлик билан шуғулланишга сарфлаётганлиги кескин танқид қилинди.

Дунёнинг ривожланган давлатларида, жумладан, Россияда давомат журнали, кундалик, табель ва бошқа таълим сифатига оид маълумотлар аллақачон электрон шаклга ўтказилганлиги мисол сифатида келтирилди.

Бундан ташқари, ўқувчиларни идентификациялаш ва уларни соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа тизимлар билан боғлаш, “Хавфсиз мактаб” дастурларини жорий этиш вазифалри берилди. Ҳозирги кунда атиги 7 фоиз мактабларимиз оптиктолали алоқа орқали Интернетга улангани, мактабларнинг
37 фоизида замонавий компьютер техникалари мавжудлиги, мактабларни юқори тезликдаги Интернетга улаш бўйича топшириқлар белгиланди.

Бунда халқ таълими тизимни бошқариш бўйича барча даражадаги ташкилий тузилмани ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдухакимов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган топшириқларни сифатли ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир қатор вазифалар белгилаб олинганлигини таъкидлади. Халқ таълими тизимида йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларни ҳал қилиш учун 3-4 йилда амалга оширилишини режалаштирилган “Йўл харитаси”да қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилишини билдирди:

Ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, унда:

1. Ўрта таълим тизимидаги ойлик маошларини ошириш;
2. Ўқитувчи ва халқ таълими тизими ходимларини шанбалик, тозалаш, мажлислар, обунага жалб қилиш, уйма-уй юриш ва ҳоказо ишларга жалб этмаслик;
3. Турли назорат органлари ва ҳокимликка бўйсинувчи ташкилотлар томонидан текшириш ва ўрганишлардан халос қилиш.
4. Ўқитувчи ва ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш учун махсус Назорат-ҳуқуқий хизматни ташкил этиш. Аҳоли ва ўқитувчилар билан алоқа ўрнатиш мақсадида “Колл-центр” ташкил этиш.
5. Телевидение, радио ва онлайн оммавий ахборот воситаларида ўқитувчининг обрўсини оширишга қаратилган ижтимоий роликлар яратиш ва кенг тарғибот ишларини олиб бориш. Бунинг учун вазирликда Медиа-марказ ташкил қилиш.

Соҳанинг бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича:

1. Тизимни бошқариш структурасини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда вазирга тизим муассасалари тузилмаси, штат жадвалларини кўриб чиқиш, тасдиқлаш, уларни рағбатлантириш бўйича тегишли ваколатлар бериш;
2. Мактаб директорларига бўлган талабни қайта кўриб чиқиб, коорпоратив бошқарувни жорий этиш, мактаб директори менеджер сифатида ва қолган ўринбосарлари ўз йўналишлари бўйича иш фаолиятини олиб боришини йўлга қўйиш. Директорларнинг сертификатлаштириш тизимини жорий этиш;
3. Жамоавий назорат тизимини кучайтириш учун Кузатув кенгашларини тузиш ва уларнинг ролини ошириш;
4. Қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш учун махсус Инжинеринг компаниясини ташкил этиш. Шу билан биргаликда, қурувчини танлаш ва қурилишни амалга ошириш ишларини маҳаллий ҳокимликларда қолдириш
5. Намунавий мактаб сифатида “Келажак мактаби”ни барча ҳудудларда ташкил этиш.

Халқ таълими тизимида молиялаштиришни такомиллаштириш йўналишида:

1. Тизим эҳтиёжларини молиялаштиришни вазирлик ихтиёрига бериш, жумладан Мактаб таълимини ривожлантириш фондини ташкил қилиш.
2. Кейинги йиллар бюджетини шакллантиришда халқ таълими соҳасига молиялаштиришни оширилишини инобатга олиш;
3. Юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш учун вазирлик қошида Ислоҳотларга кўмаклашиш фондини ташкил этиб, унга жорий йилда 100 млрд.сўм ажратиш.
4. Мактабларга бюджетдан ташқари маблағ топиш учун кенг имконият яратиш.

Таълим сифатини ошириш бўйича:

1. Ўқитувчини ўқувчиларни назорат қилиш ўрнига уларга кўмак берувчига, мустақил таълим олиш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам берувчига айлантириш;
2. Олий ва мактабгача таълим тизимлари билан узвийликни таъминлаш, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларни ўқувчиларнинг ҳар бир таълим босқичида мустақил таълим олиш кўникмаларини оширишга мақсадида қайта кўриб чиқиш;
3. Дарсликларни яратиш ва чоп этиш тизимини, энг замонавий методикаларни инобатга олган ҳолда тубдан такомиллаштириш;
4. STEAM йуналишларни (илм, технология, муҳандислик фанлари, санъат ва математика) кенг жорий этиш, ўқув лабораторияларини қайта жиҳозлаш, электрон лабораторияларини яратиш.
5. Мактаблардаги ёшларни жазолаш (буллинг) ҳолатларни бартараф қилиш, ҳуқуқбузарликни олдини олиш мақсадида “Хавфсиз мактаб” дастурини жорий этиш.
6. Чет тилларни ўқиш имкониятини кенгайтириш. Жумладан, немис, француз ва хитой тилларини ўқитишни кўчайтириш, рус тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжини қондириш.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўналишида:

1. Халқ таълими вазирлигида Ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш Агентлигини ташкил қилиш;
2. Ўқув жараёнини бошқаришнинг ахборот тизими (EMIS) ни жорий этиш учун ўқувчилар, ота-оналар, ўқитувчилар, ходимлар ва мактаблар маълумотлар базаларини яратиш;
3. Ўқувчиларни биринчи синфга қабул қилиш, мактабдан мактабга кўчириш ва бошқа хизматларни электрон шаклга ўтказиш ҳамда 2019 йилдан бошлаб Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилишни йўлга қўйиш;
4. Ўқитувчиларнинг қоғозбозлигини камайтириш учун электрон давомат ва ўзлаштириш тизимларини (электрон журнал, кундалик, табель ва бошқалар) жорий этиш;
5. Соҳада молиявий назоратни кучайтириш, шаффофликни таъминлаш ва Кузатув кенгашлари ролини ошириш учун молия бошқариш тизимларини (FMS) жорий этиш;
6. Барча мактабларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш ва замонавий компьютер техникаси билан таъминлаш;
7. Ўқувчиларни идентификациялаш (NFS, ID-карта) замонавий тизимларини жорий этиш ва уларни бошқа тизимлар (соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот ва ҳоказо.) билан интеграция қилиш.