Памела Спратлен: “Америкалик юртдошларим Ўзбекистонга ташриф буюрганда менга доим “Ўзбекистон халқи нақадар самимий ва меҳмондўст экан” деб айтадилар”

    АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида Америка Қўшма Штатлари мустақиллигининг 242 йиллигини нишонлашга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ҳукумати ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этли.

    Тадбирда сўз олган АҚШ элчиси Памела Спратлен “икки томонлама муносабатларимизда дарҳақиқат «янги давр»ни бошладик”, дея қайд этди.

    Элчи “бу он мен учун ҳам қувончли ҳам маъюс ондир. Чунки кўпчилигингизга маълум бўлгани каби, ажойиб тарзда ўтган уч ярим йилдан кейин, бу тадбир АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида мен иштирок этадиган эҳтимол охирги расмий тадбирларнинг биридир”, деб қайд этди.

    Куни кеча Президент Трамп АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб Даниел Н. Розенблум номзодини кўрсатиш нияти ҳақида Оқ уй эълон қилди. Мен Вашингтонга кейинроқ белгиланадиган кун қайтиб бораман.

    Вақт ўтиб борар экан, мен уч йил аввал келган мамлакатдан бугун анча фарқ қиладиган Ўзбекистонда туриб сизга мурожаат қилмоқдаман.

    2015 йили январь ойида Ўзбекистонга келгач, мени Биринчи Президент Ислом Каримов самимий қабул қилиши анча енгиллик яратди, аммо икки томонлама сиёсатда жиддий масалалар турарди.

    Биргаликда ўтказган ушбу вақт мобайнида биз икки мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янгиладик ва қайта жонлантирдик, ва бу ҳол Президент Мирзиёев ва Президент Трампнинг ўтган ойда Вашингтонда бўлиб ўтган тарихий учрашувида ўз аксини топди.

    Мазкур учрашув АҚШнинг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган қатъий мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади.

    Президент Трамп Президент Мирзиёевнинг серғайрат раҳбарлигидаги муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар борасида Ўзбекистонда олиб борилаетган улкан ютуқларга бўлган ҳурматини изҳор этди.

    “Биз Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги жараёнлар ортга қайтмайди деган баёнотини ва Ўзбекистон халқи манфаатларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифа, деб таъкидлаганини олқишлаймиз”, деди элчи.

    Одил бошқарув, суд ислоҳоти ва қонун устуворлиги, иқтисодий либераллаштириш ва ижтимоий тараққиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатлар стратегияси миллий янгиланишни бошлаб юборди ва глобал эътирофга сазовор бўлди.

    Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати унинг Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашдаги муҳим ролини оширмоқда.

    Ўзбекистон олиб бораётган ташаббус ҳамкорликни мустаҳкамлашга, оғир дамларда елкадош бўлишга ва минтақавий хавфсизлик масалаларини ҳал этишга, шу жумладан Афғонистонда барқарорликни таъминлашга қаратилган. Бу ташаббус доирасида аввал ноябр ойида Самарқандда бўлиб ўтган конференция, сўнг Афғонистон бўйича Тошкентда март ойида конференция ўтказилди.

    Президент Трамп Ўзбекистоннинг ушбу муҳим мулоқотдаги марказий ролини эътироф этди ва Қўшма Штатларнинг C5+1 минтақавий формати орқали ҳамкорлик ва ривожланишга кўмак беришини ўз зиммасига олди.

    Инсон ҳуқуқлари каби муҳим соҳада биз яқинда кўплаб виждон маҳбусларининг озод қилинишини, болалар меҳнатидан систематик тарзда фойдаланиш ҳолларига чек қўйишни ва мажбурий меҳнат кўламини камайтириш борасидаги сезиларли ютуқларни олқишлаймиз.

    Икки кун аввал Давлат котиби Помпео Одам савдоси бўйича йиллик ҳисоботни эълон қилди. Олдинда ҳали қилиниши керак бўлган кўп иш бор, аммо биз Ўзбекистоннинг улкан ютуқларини эътироф этамиз. Шуни маълум қилишдан мамнунманки, Ўзбекистон ушбу ҳисоботдаги иккинчи назорат поғонасига кўтарилган.

    Бизнинг кенг қамровли муштарак ишимиз доирасига хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик киради, жумладан Ўзбекистон ҳарбийлари малакасини ошириш ҳамда халқаро жиноий гуруҳлар ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлик олиб бормоқдалар.

    Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар янада жўшқин қишлоқ хўжалигини яратиш, савдо, иқтисодий ўсиш, қонун устуворлигини кенгайтириш ва юқумли касалликларга қарши курашиш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилмоқдалар.

    Халқларимиз орасидаги бевосита алоқаларимиз негизи бўлмиш таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорликдан мен ғоят мамнунман. Америка овози ва Хьюман Райтс Уотч каби ташкилотларнинг Ўзбекистонга келиши қувонарлидир. Америка Таълим Кенгашларининг явин орада таълим соҳасидаги ҳамкорлигимизни янада юксак даражага кўтаради. Бошқа ташкилотлар ҳам уларнинг изидан келишини кутиб қоламиз.

    Маданий алмашинувимизда биз муштарак умумбашар қарашларга эга эканлимиздан қувонамиз. Бу ердаги давр мобайнида ёдда қолучи энг ёрқин хотираларимдан бири, Ўзбекистон Халқаро Жазз Фестивали доирасида америка гуруҳининг Фарғона шаҳридаги илк бор мусиқий чиқишида ўзбекистонлик дўстлар билан ўтказган пайтимдир.

    Янгиланаётган иқтисодий ҳамкорлигимизнинг белгиси сифатида АҚШ ва Ўзбекистон Президент Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи чоғида қарийб 5 миллиард долларлик 20 дан ортиқ йирик бизнес битимларини имзоладилар.

    Октябр ойида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё Савдо Форуми минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий ўсиш масалаларини муҳокама қилади. Савдо ва инвестициялар бўйича доиравий битим савдо сиёсати масалаларига ечим топади, Америка-Ўзбекистон Савдо Палатаси ўзининг 25 йиллигини нишонлайди.

    “Бугунги кунда Ўзбекистонда шу қадар кўплаб ижобий ва констурктив ўзгаришлар юз бермоқда. Бу ерда айни даврда бўлиш инсонга илҳом бахш этади”, деди у.

    Менинг америкалик юртдошларим Ўзбекистонга ташриф буюрганда менга доим “Ўзбекистон халқи нақадар самимий ва меҳмондўст экан” деб айтадилар. Мен бу сўзларга бутун вужудим билан қўшиламан ва фахраланаман.

    4 июл куни биз Американинг кучини нишонлаймиз, бу куч манбаси – Американинг жуғрофий жойлашуви, халқимиз ғайрати ҳамда озодлик, мустақиллик ва суверинитетни қадрлайдиган турфа миллат вакилларидан иборат халқ сифатидаги фундаментал бирлигимиздир. Шу билан бирга 242 йилдан ортиқ вақт мобайнида биз шерикларимизни қувонч ва синов вақтларида ҳам қадрлашни ўргандик. Бу ҳар доим шундай бўлган ва шундай давом этади.

    Сўзим якунида, шуни айтмоқчиманки келаси бир неча хафта давомида хайрлашиш фурсатига эга бўламиз. Лекин энг муҳими – шериклик ва ҳамкорликнинг янги даврини яратишдаги муштарак фахримиздир.

    Мен Ўзбекистондаги жараёнларни Вашингтонда туриб бажонидил кузатиб бораман.

    Сиз ўз йўлингизда борар экансиз, барчангизга, оилаларингизга ва жамоаларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.