АҚШ элчиси Памела Спратлен Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини якунламоқда

    Америка Қўшма Штатлари элчиси Памела Спратлен Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунламоқда. Бу ҳақда дипломат 29 июнь куни АҚШ мустақиллигининг 242 йиллигига бағишланган қабул маросимида маълум қилди. Газета.uz сайтининг ёзишича, мазкур кечада Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди.

    Памела Спратлен ўз нутқида: «Мен уч йил аввал келган мамлакатдан бугун анча фарқ қиладиган Ўзбекистонда туриб сизга мурожаат қилмоқдаман. Шу аснода бу он мен учун ҳам қувончли, ҳам маъюс ондир. Чунки кўпчилигингизга маълум бўлгани каби, ажойиб тарзда ўтган уч ярим йилдан кейин бу тадбир АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида мен иштирок этадиган эҳтимол охирги расмий тадбирларнинг биридир», — деди.

    АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг Тошкентдаги элчиси лавозимига 2014 йилдан буён АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Даниел Розенблюм номзодини илгари сурди. Номзод АҚШ Сенати томонидан тасдиқланиши лозим.