Саудия шаҳзодаси ўзбекистонликларни энг тартибли ҳожилар деб эътироф этди

Мадина шаҳри амири Файсал ибн Салмон томонидан Саудия Арабистони Подшоҳлигига дунёнинг турли давлатларидан келган Ҳаж делегациялари раҳбарлари учун ўтказилган қабул маросимида Ўзбекистондан “Ҳаж—2018” мавсуми ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ҳам иштирок этди, деб ёзади Ўзбекистон Мусулмонлари идораси.

Қабул маросимида Нуриймон Абулҳасан ва Файсал ибн Салмон ўртасида ўзаро мулоқот ташкил этилиб, Шаҳзода ўзбекистонликларни энг тартибли ҳожилар, деб эътироф этди.

Файсал ибн Салмон Ўзбекистонни қадим тарихга эга давлат сифатида кўришини таъкидлаб, бу юртда етишиб чиққан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий каби буюк алломаларнинг илмий мероси ҳозирги вақтда бутун дунёга машҳур эканлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида Нуриймон Абулҳасан Мадина шаҳри амири Файсал ибн Салмонга кўрсатилган ҳурмат-эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Ҳаж ва Умра ишлари вазири Солиҳ Бинтин билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистоннинг Ҳаж ва Умра тадбирлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги билан ҳамкорликда намунали ташкил этилаётгани эътироф этилди ва миннатдорлик билдирилди.

Келгуси йилларда ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида яратилаётган шароитларни такомиллаштириш, хизматлар даражасини янада ошириш мақсадида Масжид ун-Набавийга янада яқин ва қулайроқ ҳарамдан 100 метр масофада жойлашган “Мадина миллениум”, “Зам-зам пулмон” ва “Мисбаҳ таййиба” меҳмонхоналарига жойлаштириш масаласи ўрганилди. Мазкур меҳмонхоналар шароитлари кўздан кечирилди.