АҚШ саккизинчи Марказий Осиё савдо форумини биринчи марта Ўзбекистонда ўтказади

    Биринчи бор АҚШ халқаро миқёсда эътиборга сазовор бизнес тадбир – саккизинчи Марказий Осиё савдо форумини Ўзбекистонда ўтказади. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинаётган ушбу тадбир 2018 йил 17-18 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

    Марказий Осиё савдо форуми мисли кўрилмаган платформа бўлиб, бизнес жамиятига истиқболда 70 миллиондан ошиқ мижози мавжуд Марказий Осиёнинг ривожланаётган бозорларидаги янги имкониятлар билан танишишга имкон беради. Ўтган йили Олма-Отадаги форум 18 мамлакатдан 1100 дан ортиқ қатнашчиларни йиғди. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида 2011 йилда ўтказилган биринчи форумда эса Осиё, АҚШ, Европа ва Яқин Шарқдан корхоналар раҳбарлари, давлат арбоблари ва мутахассислар ўз ғояларини алмашиш, шартномалар тузиш ва келажакдаги ҳамкорлик учун янги шерикчилик яратиш учун ушбу форумдан фойдаланишган.

    Бу йил «Савдо ва инвестицияларни ривожлантиришда янги истиқболлар» деб номланган форум Марказий Осиёнинг, айниқса Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро савдо учун очилиб бораётганини акс эттирмоқда. Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатини тезлаштириш учун валюта либерализациясидан бизнес соҳасидаги ислоҳотларгача бўлган қатор чоралар кўрилмоқда. Форум билан бир пайтда савдо кўргазмаси ҳам бўлиб, унда бутун минтақадаги турли тармоқлар, шу жумладан, транспорт, туризм, ахборот технологиялари, асбоб – ускуна ишлаб чиқариш, мева-cабзавот етиштириш ва қайта ишлаш ва ҳ.к. корхоналар иштирок этади.

    Форумнинг ташкилотчиси USAIDнинг Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш жойлари яратиш соҳаларидаги лойиҳаси бўлиб, у минтақанинг бешта мамлакатида мева-сабзавотчилик, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида бандликни юксалтириш ва экспортни ривожлантиришга қаратилган. Минтақада корхоналар рақобатбардошлигини ошириш ва савдодаги тўсиқларни йўқотиш орқали USAID экспорт салоҳиятини юксалтириш учун хусусий секторга ҳам ёрдам беради.

    Рўйхатдан ўтиш ва Марказий Осиё савдо форуми ҳақида қўшимча маълумот олиш учун қуйидаги вебсайтга киринг: www.catradeforum.org