Ўзбекистонда илк пулли трасса Тошкент ва Самарқандни боғлайди

Ўзбекистонда илк пулли автомобиль магистрали Тошкент ва Самарқандни боғлайди. Бу ҳақда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида қўмита раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратовнинг Cengiz — Kolin — Kalyon компаниялар консорциуми билан учрашувида сўз борган.

Учрашувда Самарқанд — Тошкент йўналиши бўйича давлат – хусусий шериклик принципларида автомобиль йўлини қуриш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбирда янги намунадаги автомобиль йўли қурилиши ишларига жалб этилувчи тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳам иштирок этдилар. Улар келгусида лойиҳанинг бизнес-режасини тайёрлашда киритиладиган таклифларни билдиришди.

Туркиянинг Cengiz — Kolin — Kalyon консорциуми билан ҳамкорликда давлат – хусусий сектор ҳамкорлиги тамойиллари бўйича автомобиль йўли қурилишига оид инвестицион келишув турк инвесторлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар рўйхатига кирган ҳамда Ўзбекистонга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг жорий йил баҳоридаги ташрифи давомида имзоланган.

Биринчи пуллик автомобиль йўли лойиҳасининг миллий ҳамкори – Автомобиль йўллари бўйича давлат қўмитаси.
Туркиялик пудратчилар вакили томонидан таъкидланишича, лойиҳа 2 соат ичида Тошкент ва Самарқанд орасидаги масофани босиб ўтиш имконини беради.

Учрашувда лойиҳани ишлаб чиқишда магистралнинг турар-жой туманларидан ўтиши, яйлов ва қишлоқ хўжалиги ерларига минимал таъсир ҳамда атроф-муҳит ҳолати ҳисобга олиниши кераклиги муҳокама қилинди.

Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари 2019-2020 йилларга режалаштирилган.