АҚШнинг диний эркинлик соҳасида махсус топшириқлар бўйича элчиси Ўзбекистонга келади

АҚШ Давлат департаментининг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбэк Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, Браунбэк 10-19 сентябрь кунлари давомида Украина, Польша ва Ўзбекистонга ташриф буюради.
Ўзбекистонда элчи диний эркинлик соҳасидаги сўнгги ислоҳотларни муҳокама қилиш учун юқори лавозимли амалдорлар билан учрашади.

Шунингдек, элчи Twitter’даги ўз саҳифасида режалаштирилаётган ташрифи ҳақида маълумот берди.

Маълумки, шу йилнинг 24-27 июль кунлари Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида дин эркинлиги масаласига бағишланган вазирликлар даражасидаги конференция бўлиб ўтди. Унда 80 мамлакатдан 600 нафардан ортиқ ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, диний етакчи ва фуқаролик жамияти фаоллари қатнашди. Мазкур нуфузли анжуман кенг халқаро жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг диққат-эътиборида бўлди.

Анжуман якунида АҚШнинг диний эркинлик соҳасида махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Браунбек баъзи мамлакатларда диний эркинлик масалаларига алоҳида аҳамият берилаётгани, жумладан, Ўзбекистоннинг мазкур соҳада эришган ютуқлари ва кескин илгари силжигани тўғрисида бугун эшитганидан мамнунлигини билдирди. У Ўзбекистон намойиш этаётган очиқлик ва бу каби нозик масалаларга ечим топишдаги қатъият учун миннатдорлик билдирди.