Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси деярли 300 млн долларини ташкил этди

    2018 йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида бугун Тошкент шаҳрига келган АҚШ Давлат котибининг иқтисодиёт ва бизнес масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Брайан МакФитерс билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

    Суҳбатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15-17 май кунлари АҚШга қилган расмий ташрифи ва президент Дональд Трамп билан ўтказган музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва уларни оширишнинг истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.

    Учрашувда икки томонлама савдодаги ижобий динамика қайд этилди. 2018 йилнинг 8 ойи давомида ўзаро савдо айланмаси деярли 300 млн долларини ташкил этди. 2017 йил бўйи эса бу кўрсатгич 210,2 млн долларга тенг бўлган эди. Шу билан бирга, мазкур соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ошириш учун сезиларли салоҳиятнинг мавжудлиги эътироф этилди ва бунга икки томонда ҳам қизиқиш борлиги таъкидланди.

    Учрашув давомида Ўзбекистон-Америка кун тартибининг бошқа масалалари, жумладан мамлакатимизда Америка бизнес ҳафталигини ўтказишга тайёргарликнинг бориши ҳам муҳокама қилинди.

    Суҳбатда АҚШ элчиси Памела Леора Спратлен иштирок этди.