Тошкентнинг Юнусобод туман ҳокими пора олаётганда ушланди

Тошкентнинг Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов, тахминларга кўра, ер участкасини ажратиш учун пора олаётганда ушланди. «Газета.uz”нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбасининг хабар беришича, туман маъмурияти раҳбари жума куни ўз иш хонасида қўлга олинган.

Kun.uz сайтининг ўз манбасига таяниб маълум қилишича, Б.Абдусаматов инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётган вақтида ушланган.

Қайд этилишича, махсус тадбир Давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан ўтказилган. Юнусобод тумани ҳокими ушбу пуллар эвазига инвесторга ер майдони тақдим этишни ваъда қилган.

Пора билан ушланган воқеа иштирокчилари бир неча киши экани айтилмоқда.

Бахтиёр Абдусаматов (1976 йилда туғилган, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (1996) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2003 йил) битирувчиси) 2017 йил апрелида туман ҳокими лавозимига тайинланганэди. Аввал Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ҳамда ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.