Буюк Британиянинг HSBC банки бошқарма бошлиғи Ўзбекистон молия вазири маслаҳатчиси этиб тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2018 йил 15 сентябрдаги буйруғига асосан Одилбек Рустамович Исаков Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг маслаҳатчиси, молия вазирлигининг давлат суверен, корпоротив (банк) қарз мажбуриятлари ва давлат қарзи бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

“Хорижда фаолият юритаётган Ўзбекистонлик мутахассислар, айниқса мен каби “Буюк Келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти экспертлари учун юртимизнинг илдам қадамлар билан дунёга очилаётгани жуда қувонарлидир. Ватанимиз равнақи йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида иштирок эта олиш ҳуқуқи менга тақдим этилганлигидан жуда хурсандман.

Ўзининг мустаққил Халқаро кредит рейтингини олиш ва жаҳон молия бозорида ўзининг илк суверен Евробондини чиқариш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилган қарор – бу чин маънода тарихий қадам бўлди десак муболаға бўлмайди. Мазкур қадамимиз ватанимизнинг иқтисодий ва инвестицион салоҳиятини бутун дунёга очиқлигини, ислоҳотларни эса фискал ва монетар интизом билан давом эттиришга ундайди деб ишонаман.

Бу борада, давлат қарзини самарали бошқаришни ташкил этиш маъсулияти менга ишониб топширилган экан, мен бу ишонч учун давлатимиз ва молия вазирлиги раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Сўзим сўнггида, хорижидаги малакали ҳамюртларимизни ҳам Ўзбекистонга чорлайман!”– деди Одилбек Исаков

Одилбек Исаков 1981 йилда туғилган, маълумоти олий, 1998-2000 йилларда Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университетида таҳсил олган.

Буюк Британиядаги Манчестер Метрополитан Университетининг Бизнес Иқтисодиёти бўйича бакалаври (BA in Business Economics), Стратклайд Университетининг Молия бўйича магистр (MSc in Finance) даражаларига ҳамда Малакали Молиявий Таҳлилчи (CFA – Chartered Finance Analyst) квалификациясига эга.

Одилбек Исаков дунёнинг энг йирик банкларидан бири HSBC банкидаги 12 йиллик меҳнат фаолияти давомида Ривожланаётган мамлакатлар билан ишлаш бўйича инвестиция банкири сифатида тажриба орттирган. Марказий ва Шарқий Европа, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Яқин Шарқ ва Африка давлатлари ва давлат ташкилотлари учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар (облигациялар, кредит ноталар) чиқаришни ва банклар синдикатидан кредит олишни ташкил этиш билан шуғулланган. 2011 йилдан бери умумий қиймати 115 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 70 дан ортиқ муваффақиятли қўшма лойиҳаларни бошқарган.

2016 йил март ойидан ҳозиргача HSBC инвестиция банки ривожланаётган мамлакатлар учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар чиқаришни ташкил этиш бошқармаси директори (Лондон, Буюк Британия) лавозимида ишлаб келган.

Нуфузли “GlobalCapital” нашрининг “Жаҳон молия бозорларида ривожланаётган мамлакатлар билан ишлаш бўйича энг яxши банкир” унвони учун 3 карра номинация сазовори бўлган.