АҚШда ижтимоий ёрдам олган иммигрантлар грин-карта ололмаслиги мумкин

АҚШ президенти Дональд Трампнинг маъмурияти муҳожирларга грин-карта бериш шартларини ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлади. Қонун лойиҳаси АҚШнинг Ички хавфсизлик вазирлиги мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган.

Унга кўра, АҚШ ҳукуматидан ижтимоий ёрдам олган, хусусан, озиқ-овқат, дори-дармон, ижтимоий турар жой ва вақтинчалик бошқа ёрдам олган муҳожирларнинг грин-карта сўраб берган аризалари рад этилади. Агар АҚШ расмийлари «бу муҳожир бундан кейин ҳам ҳукуматнинг ёрдами билан яшашни мақсад қилган», деган хулосага келса, бу ҳолатда ҳам грин-карта берилмайди.

Грин-карта талабгорларидан 10 минг доллар миқдорида гаров пули ҳам талаб қилиниши мумкин (муҳожир ўзи ва оиласини эплай олиши учун).

Трамп маъмуриятининг фикрича, бу ўзгаришлар АҚШга келиш истагидаги муҳожирлар сонини қисқартиради ва, ўз-ўзидан, республикачиларнинг оралиқ сайловлардаги «имкониятларини оширади».

Айни вақтда, ички ишлар вазири Кирстен Нильсеннинг айтишича, ушбу қонун лойиҳаси мамлакатга келаётган муҳожирлар америкалик солиқ тўловчилар елкасига юк бўлиб тушмаслиги учун ҳам зарур. Мазкур лойиҳани танқид қилаётганлар эса, аввало, муҳожирларнинг болалари тиббий ёрдам ва озиқ-овқатлардан мосуво бўлишидан хавотирда.