Владимир Норов: “Дунё ахборот майдонида турли макрлар қўллана бошланди”

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов Афғонистондаги вазиятни бўрттириш ва ТИВнинг “фейк” хатлари ҳақида фикр билдирди.

У бу ҳақда у “Турон24”га берган интервьюсида тўхталиб ўтди. “Шу ўринда таъкидлаш лозимки, геосиёсий қарама-қаршилик ортиши баробарида дунё ахборот майдонидаги кураш ҳам кучайиб боради. Турли макрлар қўллана бошланади ёки бугунги замонавий тил билан айтганда, “сохта янгиликлар” яратилади», деди у.

Бу шундай янгича усул бўлиб, афсуски, одатий ҳолга айланмоқда. Сиз тилга олган хабарлар айнан шу каби “фейк” янгиликлар сирасига киради. Демак, ҳақиқий фактларга таяниш маъқул деб ўйлайман.

Фикримизча, Марказий Осиёда барқарор ва турғун тараққиёт қўшни Афғонистон давлатида тинчлик ўрнатилишига чамбарчас боғлиқ. Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган ва шундай бўлиб қолади. Минтақанинг гуллаб-яшнашини “афғон муаммолари”ни бартараф этмай туриб таъминлаш мумкин эмас.

Бугунги кунда биз Афғонистонга муаммо сифатида эмас, стратегик имконият сифатида баҳо бермоқдамиз. Афғонистон ва қўшни мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар муносабатларни ўрнатишга умумий кучни сарфлаш мамлакатдаги вазият меъёрлашуви ва тинчлик сақланишига сезиларли таъсир кўрсатади. Ва ниҳоят, афғон заминида тинчликнинг барқарорлиги Евроосиё қитъасининг барча давлатларига янги имкониятлар эшигини очади ва ҳақиқий фойда келтиради.

Шунга кўра, Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда энг самарали омил сифатида сиёсий мулоқот, савдо ва иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилмоқда.

Ўзбекистон ва Афғонистон давлатларининг ўзаро конструктив ва дўстона муносабатларини ўрнатиш борасида мақсадларнинг жиддийлиги сабаб, ўтган 2017 йилда томонларнинг ҳамкорлиги мисли кўрилмаган янги қирраларни очди. Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг тубдан янгиланган динамикаси ҳамкорликнинг барча соҳаларида яққол намоён бўлмоқда.

Ўзаро муносабатлар юксакликка кўтарилди – давлат раҳбарлари, вазирликлар ва идораларнинг ҳамкорлик учрашувлари одатий тус олди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон раҳбари Ашраф Ғани 5 марта, хусусан, ШҲТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (Остона) саммитлари, БМТ Бош ассамблеяси (Нью-Йорк) майдонида учрашди. 2017 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 600 млн. долларни ташкил этиб, 15 фоизга ошди. Икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим амалий натижаси сифатида Кобулда Ўзбекистон савдо уйи ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкиллаштирилган “Ўзтрейд” шоу-румининг очилганини кўрсатиш мумкин.

Икки давлат ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида Термизда божхона терминалига эга халқаро логистика маркази ташкил этилди. Ушбу “Карго-марказ” икки давлат ўртасидаги экспорт-импорт ва транзит юк оқимини Европа ва Осиё давлатлари бозорига чиқишига кўмаклашади. 2017 йил декабрь ойида Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги келишув ва шартномалар ҳам алоҳида аҳамиятга молик. Ташриф чоғида 20 та ҳужжат ва умумий қиймати 500 млн. доллардан ортиқ 40 та экспорт шартномалари имзоланди.

Учрашувлар доирасида самимий дўстлик белгиси сифатида Ўзбекистон президенти номидан Афғонистонга “Isuzu” русумли 25 та автобус ва “New Holland” русумдаги 3 та замонавий трактор тақдим этилди. Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда афғон фуқароларининг таълими масаласи муҳим ўрин тутишини ҳисобга олган ҳолда, жорий йилнинг январь ойида Термиз шаҳрида ўқув маркази очилди. Ушбу марказда афғонистонлик ёшлар 17 та олий таълим йўналишида ва 16 та ўрта-махсус, касбий таълим йўналишида икки, тўрт ва олти йиллик кундузги таълим дастури асосида ўқишлари мумкин. Марказнинг очилиш маросимида 110 нафар афғонистонлик талаба ўқув марказига ўзбек тили ва адабиёти йўналишида ўқишга қабул қилинди. Яқин йиллар ичида талабалар сонини 300тагача ошириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон ва Афғонистоннинг куч ишлатар тизимлари ўртасида минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш борасидаги ҳамкорлиги янги босқичга эришди. Хусусан, жорий йилнинг 10 февралида Тошкентда хавфсизлик масалалари бўйича ўзбек-афғон ҳамкорлик комиссиясининг биринчи мажлиси ўтказилди.