Шавкат Мирзиёев танқидидан сўнг “Ўзбектелеком” монополияси бекор қилинади

“Ўзбектелеком”нинг монополиясига барҳам берилиши мумкин. Бу 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясида белгиланган.

Унга кўра, Ўзбекистонда барча провайдерлар учун халқаро тармоқларга бевосита киришни эркинлаштириш режалаштирилмоқда.

Стратегияни амалга оширишга доир “йўл харитаси”да Президент Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 2020 йил 1 январгача «барча операторларга халқаро телекоммуникация тармоқларига бевосита уланишни эркинлаштириш имконини берадиган» норматив ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш вазифасини топширди. Бу «фойдаланувчиларга Интернетдан фойдаланиш нархини пасайтириш» имконини беради.

Gazeta.uz сайтининг ёзишича, ҳозирда барча провайдерлар интернетни “Ўзбектелеком” каналлари орқали олади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматларнинг экспорт улушини 2021 йилга қадар умумий ҳажмдан 4 фоизга оширишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Шавкат Мирзиёев “одамларимиз мобиль телефон алоқаси сифатидан ва интернет тезлигидан норози”, деган эди. Унинг фикрича, телефон ва интернет фойдаланувчиларига кўрсатилаётган хизматлар сифати пастлиги, мавжуд алоқа тармоқларининг атиги 27 фоизи оптик толали, қолгани мис симли линиялардан иборат экани танқид қилинди. Интернет тармоғига уланиш тезлигини ошириш, алоқа тармоқларини тўлиқ оптик толага алмаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ирландиянинг Ookla компанияси интернет тезлиги бўйича август ойи якунлари рейтингини (Speedtest Global Index) эълон қилди. Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича 109-ўриндан жой олди (9,63 Мбит/с). Сим ёрдамида уланувчи интернет тезлиги бўйича мамлакат икки поғона пастлади ва 116-ўринни эгаллади (7,98 Мбит/с).