Ўзбекистонда илк марта истиқболли раҳбар-кадрлар учун “Тараққиёт” танлови ўтказилмоқда

Янги танлов давлат ташкилотларида ишламаётган ёки ҳеч қайси бир давлат органи тавсия қилмаган, лекин потенциалга эга, билимли, инновацион ғояли, раҳбарлик салоҳияти бор кадрларни танлаб олиш имконини беради.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба истиқболли раҳбар кадрларни танлаб олиш бўйича махсус “Тараққиёт“ танлови ташкил этилмоқда. Барча соҳадаги ислоҳотларнинг шиддат билан ривожланиб бориши, уларни амалга оширишга қодир раҳбар кадрларга эҳтиёжни юзага келтирмоқда. Мазкур танлов ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги турли соҳалар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги кадрлар танқислигини маълум маънода бартараф этишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг илмий ишлар ва халқаро алоқалар бўйича проректори Боту Алимовнинг ЎзАга маълум қилишича, хориж тажрибасини ўрганаётган вақтда уларнинг номинациялар борасидаги ишларини ижобий, деб топилган. Бундан ташқари, ўзимизнинг тажрибада қўлланиб келинаётган жиҳат – бу танлов иштирокчиларининг раҳбарлик тажрибасига эга бўлиши кераклиги. Танловнинг кўпбосқичлилиги, танлов иштирокчилари учун талабларнинг имкон қадар қисқартирилгани ҳам эътиборга молик. Бу танловда кенг аҳоли қатламининг иштирок этиши мумкинлигини билдиради. Яъни давлат ташкилотларида ишламаётган ёки ҳеч қайси бир давлат органи тавсия қилмаган, лекин потенциалга эга, билимли, инновацион ғояли, раҳбарлик салоҳияти бор кадрларни танлаб олиш имконини беради.

Президент қарори билан танловни ҳар 3 йилда бир маротаба ўтказиш режалаштирилган. Танловни ўтказиш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётган пайтда жуда кўп давлатлар тажрибаси ўрганилди. Ҳамда хориж тажрибасини айнан Ўзбекистон учун маъқул келадиган жиҳатларигина қарорда мужассамлаштирилган. Танлов сайти — taraqqiyot-tanlov.uz.

Президент қарори билан танлов 16 номинация бўйича ўтказилиши режалаштирилган. Қарор ишлаб чиқилаётган вақтда масъул ходимлар, мутасадди ташкилотлар томонидан айнан кадрлар танқислиги сезилаётган соҳалар ўрганилди, мониторинг қилинди, турли тадқиқотлар олиб борилди. Натижада юқоридаги соҳаларда кадрлар танқислиги сезилаётгани аниқланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, танловнинг аксарият номинациялари ўзида бир қанча соҳаларни қамраб олган. Масалан, 11-номинация “Таълим, фан ва инновация соҳасидаги энг яхши бошқарувчи“, 13-номинация “Маданият, санъат ва спорт соҳасидаги энг яхши бошқарувчи“, 14-номинация “Ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий фаолият ва туризм соҳасидаги энг яхши бошқарувчи“ каби соҳаларни қамраб олади. Шу тариқа танловнинг 16 номинацияси қарийб 30 дан ортиқ соҳа бўйича истиқболли бошқарув кадрларини саралайди.

Лекин 3 йилдан кейин ўтказиладиган навбатдаги танлов айни шу номинациялар доирасида ўтказилади, дегани эмас. Навбатдаги танлов ўтказилишидан аввал яна бир бор кадрлар танқислиги ўрганилади ва улар натижасига кўра, замон талабларига мувофиқ номинациялар бўйича танлов ўтказилиши кўзда тутилиши мумкин. Сабаби танловнинг асосий мақсадларидан бири кадрлар танқислигини бартараф этишга қаратилган. Шу боис бу доимий ўрганиб, ривожлантириб бориладиган жараён.

Танлов 4 босқичда ўтади. Талабгорлар ақлий салоҳият (IQ-тест), психологик барқарорлик, хорижий тилларни билиши, сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлардан хабардорлик даражаси бўйича онлайн тестдан ўтказилади.

Айтайлик, “Суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг яхши бошқарувчи“ номинациясида суд, прокуратура, адлия, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар тизимида ишлаб келаётган фуқаролар қатнашиши мумкин. Саволлар тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда, амалиётда учрайдиган, реал муаммолардан келиб чиқиб тузилади. Токи шу соҳада раҳбар бўладиган шахслар амалиётда учрайдиган муаммолардан хабардор бўлиб, уларни таҳлил қила олсин.

Кейинги босқичда ҳар бир иштирокчи номинациялар бўйича давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида бир ойлик амалиёт ўтайди. Айнан “Суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг яхши бошқарувчи“ номинацияси бўйича мисол келтирсак, бу прокуратура, суд, адлия, ички ишлар каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда амалиёт ўташи мумкин. Навбатдаги босқичда иштирокчилар ташкилотчилик қобилияти ва раҳбарлик салоҳиятини аниқлашга қаратилган ёзма тест синовидан ўтади. Бу босқич натижасига кўра жами 150 нафар иштирокчи танлаб олинади ва финалга тавсия этилади. Финалда ҳам улар номинация бўйича ўзаро баҳслашади.

Финал босқичининг ўзи ҳам 2 та кичик босқичга бўлинади. Биринчи босқичда ҳар бир номинация бўйича талабгорлар гуруҳларда ўз соҳаларидан келиб чиқиб яна бир маротаба амалиёт билан боғлиқ бўлган муаммолар юзасидан кейслар ечади. Охирги кичик босқичда финалга етиб келганлар билан номинациялар бўйича шакллантирилган танлов комиссиялари юзма-юз суҳбат ўтказади. Натижаларга кўра, 150 нафар иштирокчидан 50 нафар ғолиб сараланади.

Танловнинг 50 ғолибига энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти берилади. Улар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказида 3 ойлик “Бошқарув кадрларни тайёрлаш бўйича Президент дастури“ курсларини ўқийди ҳамда тегишли номинациялар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларига раҳбар лавозимига тайинланади. Финал босқичига етиб келган 100 нафар иштирокчи эса энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади. Бундан ташқари, улар ўз номинацияси бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбар кадрлари захирасига киритилади.

Нега айнан 30 ёшдан 45 ёшгача? Ўзбекистондаги узлуксиз таълим тизимида йигит-қизларимиз олий таълим муассасасини битириб, соҳаси бўйича 3 йиллик раҳбар тажрибасига эга бўлгунича ўртача 29-31 ёшга киради. Бундан ташқари, танловнинг моҳияти айнан истиқболли раҳбар кадрларни танлаб олиш экан, ёш талабининг юқориси 45 ёш, деб белгиланиши маъқул топилди.

3 йиллик раҳбарлик тажрибасига эга бўлиш танловнинг асосий талабларидандир. Айнан бу талаб ҳам ривожланган давлатлар тажрибасидан олинган. Танловнинг асосий мақсади истиқболли раҳбар кадрларни танлаб олиш. Маълум маънода ўз зиммасида раҳбарлик масъулиятини сезган кадргина ушбу танловда иштирок этиши мақсадга мувофиқ.