Улуғбек Қосимов: “Америка таълим тизимининг илғор ютуқларини юртимизда жорий этишни ният қилганмиз”

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва “Ватандош” Ўзбек-Америка жамияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

ТЕЛЕГРАМДАГИ КАНАЛИМИЗГА ҚЎШИЛИНГ

Англашув меморандумини халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда “Ватандош” Ўзбек-Америка жамияти вице-президенти Улуғбек Қосимов имзолади. Биз Улуғбек Қосимов билан мазкур меморандумдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар, истиқболдаги режалар ҳақида интервью олди.

Улуғбек ака, аввало, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш ғояси қандай туғилди? Шу ҳақда батафсил гапириб берсангиз.

Гарчи анчадан бери Америкада яшаётган бўлсам-да, болалигим Ўзбекистонда ўтган. Одамларимизнинг бағрикенглиги, боланинг бегонаси бўлмайди дея барча ҳар бир болага масъулият билан ёндашувни кўриб катта бўлганман, улғайман. Етти маҳалланинг меҳрини, тафтини ҳис қилганман, десам адашмайман. Ҳар гал “Сен етим эмассан” фильмини томоша қилганимда ана шу туйғулар кўнглимдан ўтади. Афсуски, кейинги пайтларда интернет нашрларида кўп гувоҳ бўлаяпмиз, “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари турли муаммо ва камчиликларга, айтишга тил бормайди, зўравонликка дуч келмоқда. Албатта, давлат бу борада назоратни кучайтириб бораяпти.

Frank Mur/Facebook

Шундай бўлса-да, бу жараённи деинституционаллаштириш, яъни интернатлар тизимини ислоҳ қилиш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Чунки “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари вояга етгач, ҳаётга ўз ўрнини топиш, тўлақонли оилавий ҳаётини йўлга қўйишда қатор муаммоларга дуч келишади. Сабаби тажрибасизлик, оилавий муҳитда катта бўлмагани уларнинг кейинги ҳаётида ўз изини қолдиради.

Бунда бутун дунёда, жумладан, АҚШда чуқур илдиз отган Foster Care тизимидан фойдаланиш учун катта имконият эшикларини очади. Гап шундаки, Foster Care тизими етим болаларнинг бошқа болалар қатори ота-она қарамоғида тарбия топиши, ўниб-ўсиши учун шарт-шароит яратишни кўзлайди. Бугунги кунда ривожланган мамлакатлар аллақачон ушбу тизимга ўтган. Давлат етим болаларнинг оила муҳитида тарбия топиши, яшаши учун шароит яратади, бундай оилаларни тайёрлайди, уларнинг захирасини, маълумотлар базасини шакллантиради, турли имтиёз ва преференциялар ёрдамида оилаларни бундай эзгу иш билан шуғулланишга ундайди ва рағбатлантиради.

Тўғри, Foster Care тизимига ўтиш оғир кечади, уни ҳаётга татбиқ этиш учун нафақат маблағ, балки аниқ-тиниқ механизмлар, инсон ресурслари ҳамда малакали ижтимоий кадрлар керак бўлади. Лекин тадқиқотлар шуни кўрсатаяптики, Foster Care тизими қанчалик мушкул бўлмасин, интернат тизимидан кўра ўзини оқлаган ҳамда шунинг учун таъсирчан ва самарали тарбия қўрғони сифатида кўрилмоқда. Қолаверса, бу тизим бизнинг халқимиз яшаш тарзига, турмуш қадриятларига, асрлар давомида шаклланган менталитетига ҳам мосдир.

Демак, Халқ таълими вазирлиги ҳамкорликда Foster Care тизими Ўзбекистон жамиятига татбиқ этиш имкониятлари кўриб чиқилар экан-да?

Албатта. Бу биз ният қилиб турган кенг кўламли ҳамкорликнинг асосий жиҳатларидан. Бугун Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бўлаяпти. Мамлакат дунёга очиляпти, халқаро тажрибанинг илғор ютуқларини Ўзбекистонда жорий этишга сиёсий хоҳиш бор, бу борада аниқ саъй-ҳаракатлара амалга оширилаяпти. Биз ушбу таклифларни қоғозга тушириб, Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилганимизда ижобий қабул қилинди. Ушбу ғоямизни аниқ бир ҳужжатга айлантириш жараёнида халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров билан яқиндан ишладик, Ўзбекистон тарафдан очиқлик, катта истак-хоҳиш борлигига гувоҳ бўлдик.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистонга ташриф буюриб, Foster Care тизимини оммалаштириш ва  уни ҳаётга татбиқ этиш имкониятларини ўрганиб чиқамиз, бу борадаги мавжуд имконият ва салоҳият чуқур таҳлил этилади,  муаммо ва камчиликларни анализ қилиб, истиқболда бажариш учун конкрет чора-тадбирларни белгилаб оламиз. Ҳозирда ўзбекистонлик педагоглар учун малака ошириш марказларини ташкил қилиш, америкалик мутахассислар иштирокида ўқув машғулотлари ва мастер-класслар фаолиятини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, Ўзбекистонда ушбу соҳада педагогик кадрлар тайёрлаш учун АҚШдаги нуфузли олий таълим муассасаларини жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқаяпмиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари орасида инглиз тилини оммалаштириш,халқ таълими тизимини ривожлантириш соҳасида ахборот алмашишни йўлга қўйиш, Ўзбекистон таълим тизимига инвестиция киритиш, АҚШнинг ихтисослаштирилган мактаблари, академиялари билан Ўзбекистон халқ таълими муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш,халқаро тажриба ва методологияни ўрганиш, уни халқ таълими тизимига мослаштириш ва татбиқ этиш масалалари ҳам истиқболдаги ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Қолаверса, ўзбек ва рус тилларида соҳа мутахассислари учун қўлланмалар тайёрлаймиз ҳамда етказиб берамиз.

Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш қандай бўлади?

Биз бу жараёнда донорлар, тадбиркорлар, қолаверса, чет элдаги ўзбек жамиятлари кўмагида барқарор молиялаштириш имкониятларини ўрганиб чиқамиз. Ўйлайманки, ушбу ниятимиз, саъй-ҳаракатимиз Ўзбекистон таълим тизимининг сифати юксалишига хизмат қилади, Америка ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги амалий тадбирлардан бирига айланади.

Бизни бу жараёнда яқиндан қўллаётган Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги раҳбариятига, мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасига яна бир марта ўз миннатдорлигимизни билдириб қоламиз.