Тошкентлик собиқ рафиқасига 25 минг долларлик алиментни олдиндан тўлади

    Мажбурий ижро бюроси Миробод туман бўлими иш юритувида қарздор М.Собировдан ундирувчи Н.Собированинг фойдасига 204 миллион сўм ундириб берди. Бу ҳақда Repost Мажбурий ижро бюроси вакилига таяниб маълум қилди.

    Таъкидланишича, қарздор бир қанча муддат алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Оқибатда 4 миллиондан ортиқ қарздорлик юзага келган. Қарздор 2 нафар вояга етмаган фарзандлари учун вояга етгунча бўлган миқдорда, яъни 204 миллион сўм алимент пулларини олдиндан тўлашга қарор қилди. Бу расмий курсда қарийб 25 минг долларни ташкил қилади.

    Бюронинг маълум қилишича, аёл олдиндан тўланган пулларга ўзи ва фарзандлари учун уй сотиб олди. Бунга қадар ота-онасининг 2 хонали уйида қисилиб яшаётганди.

    Хабарда айтилишича, бундай ҳол жуда камдан-кам кузатилади.

    Статистика маълумотларига кўра, 2017 йил мобайнида судларга алимент мажбуриятлари бажарилмаслиги билан боғлиқ 47,4 мингта, 2018 йилнинг биринчи чорагида эса 11,8 мингта ариза келиб тушган. 2018 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, давлат ижрочиларида 245,4 мингта алимент ундириш бўйича ижро ҳужжатлари мавжуд, шундан 60 мингтаси (24 фоизи) иш ҳақидан ундиришга қаратилган. Алимент тўламаётган 2,3 минг нафардан зиёд фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган. 180 минг нафар қарздор ота ёки она доимий даромад манбаига эга эмаслиги туфайли алимент тўлай олмаётгани аниқланган.

    Алимент тўламаслик 15 сутка маъмурий қамоққа олинишига сабаб бўлади. Алимент тўлашга мажбур шахслар 2 ой (илгари 3 ой) мобайнида алимент тўлашдан бўйин товласа жиноий жавобгарликка тортилади (3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин). Ҳар бир бола учун энг кам алимент миқдори энг кам иш ҳақи миқдорининг 75 фоиздан (илгари учдан бир қисм) кам бўлмаган миқдорда (138 225 сўм) белгиланади.

    Алиментни бола вояга етгунга қадар кўчар ва кўчмас мол-мулк ёки бошқа қимматли нарсалар бериш орқали бир йўла олдиндан тўлаш мумкин. Алимент олдиндан тўланган ёки гаров шартномаси тузиш ҳолатларида, ушбу шахсга республикадан чиқишга қўйилган тақиқ олиб ташланади.