АҚШ савдо вазири Уилбур Росс Ўзбекистонга ташриф буюради

АҚШ тижорат департаменти раҳбари Уилбур Росс Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Вашингтонда бўлиб ўтган Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган расмий қабул маросимида АҚШ давлат департаменти вакили Элис Уэлс маълум қилган.

Уилбур Росс катта эҳтимол шу йилнинг 17-18 октябрь кунлари Ўзбекистонга келса керак. Сабаби ўша кунлари биринчи бор АҚШ халқаро миқёсда эътиборга сазовор бизнес тадбир – саккизинчи Марказий Осиё савдо форумини Ўзбекистонда ўтказади. Форум АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида АҚШ Давлат котибининг иқтисодиёт ва бизнес масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Брайан МакФитерс Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.

Расмда Уилбур Росс орқада чап тарафда.

Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг 8 ойи давомида ўзаро савдо айланмаси деярли 300 млн долларини ташкил этди. 2017 йил бўйи эса бу кўрсатгич 210,2 млн долларга тенг бўлган эди.

Ўзбекистонда, шунингдек, Америка бизнес ҳафталигини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.