Хориждаги ватандошлар Ўзбекистон иқтисодиётига 10 миллиард долларгача инвестиция жалб қилишни режалаштирмоқда

АҚШда шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистоннинг молиявий хизматлар соҳасига сармоя киритишга ихтисослашган инвестиция компанияси очилиши билан Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлари “ишонч вотуми”ни қўлга киритди, деб ёзади Euromoney нашри.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентябрда ҳокимиятга келгач, мамлакат иқтисодиётини очишга киришди. Бу борада муҳим қадамлар ташланди, чет эл валютаси конвертацияси билан боғлиқ чекловлар бекор қилинди, халқаро ҳамжамият билан муносабатлар қайта қурилаяпти, айниқса, кўп қиррали ривожланиш банклари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиляпти.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўтган ноябрь ойида Тошкентда ўз офисини очди ҳамда 10 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистондаги қарз бериш фаолиятини қайта тиклади.

Ўзбекистоннинг янги раҳбари, шунингдек, катта ўзбек диаспорасига мурожаат қилиб, уларни мамлакатга қайтишга ҳамда республика иқтисодиётини либераллаштиришга ундади.

Ана шундай чорловга лаббай деб жавоб берганлардан бири Алишер Жумановдир. Ривожланаётган иқтисодиётлар бўйича ветеран маслаҳатчи ва инвестор бўлган Жуманов 1994 йилда Ўзбекистондан кетиб, Нью-Йоркда фаолият юритади. У бугунги кунда Ўзбекистонга талантларни ва капитал жалб қилиш бўйича иш олиб бормоқда. Унинг ўзи ҳам бозорга ўтган йили қайтиб, Тошкентда Silk Capital деган компанияни ташкил қилди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида АҚШда рўйхатдан ўтган UzGlobal инвестицияларни бошқариш  бўйича компаниясининг шўъба фирмаси — UzFin ташкил этилди. Жуманов Silk Capital ижрочи директори Сардор Қўшназаров томонидан бошқариладиган янги компания орқали Ўзбекистон ва Евросиё минтақасига ихтисослашган диверсификациялашган молиявий хизматлар гуруҳини бунёд этишни мақсад қилган.

“Келгуси ўн йил давомида 10 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб қилишни мақсад қилганмиз”, дейди у. “Биз UzFin минтақадаги энг катта халқаро инвестор бўлишини истаймиз”.

Кейинги олти ой давомида UzFin 20-25 миллион доллар атрофида камтаргина капитал жалб қилишни режалаштирган. Аввалига 10 миллион доллар мўлжал қилинган эди, аммо инвесторларнинг катта қизиқиши бу кўрсаткичнинг каррасига кўпайишига ҳамда қарз мажбуриятларининг 20 миллионга етишига олиб келди.

Жумановнинг айтишича, ушбу маблағ тижорат банклари, суғурта ва лизинг сегментларидаги активларни харид қилишга йўналтирилади. “Биз аллақачон тўрт-бешта инвестиция активларини кўз остига олиб қўйганмиз”, деди у. У, шунингдек, молиявий технологиялар, инвестициявий банкинг, активларни бошқариш ва ислом молияси бўйича маҳаллий бозор етакчиларини яратишни интилади. Аммо унинг қайд этишича, буланинг барчасини нолдан барпо этиш керак бўлади, чунки бу соҳалар энди-энди ривожланмоқда.

Унинг фикрича, Ўзбекистон молия сектори яхши ривожланмаган ва катта ривожланиш салоҳиятига эга, аммо асосий хусусий банклар нисбатан кичкина ва кенгайиш учун етарли даражада капиталга эга эмас. “Биз ана шу нуқтадан бошлашимиз лозим”, дейди у.

Илҳом манбаи

Алишер Жумановнинг қайд этишича, UzFin учун бизнес модели қисман Грузия банки тарихидан илҳомланиб юзага келган. 2004 йилда ихчамгина, зарар кўриб ишлаётган Кавказ молия муассасаси кейинги уч йил иида юқори фойда келтирадиган бозордаги етакчи банкка айланди. Уни ABN Amro банкида ишлаган ҳамда Михаил Сакашвили сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг ўз ватанига қайтган Ладо Гургенидзе мана шундай муваффақият сари олиб чиқди.

Грузия банки Гургенидзенинг бошқаруви остида собиқ Иттифоқ ҳудудида London Stock Exchange биржасида листингда турган иккинчи инвестиция банки бўлди.

Алишер Жуманов умид қилишича, UzFin компанияси ҳам “5-10 йиллик муддат ичида” ана шу биржада листингидан жой олади. Дастлабки қадамлар ташланди, у янги компанияни 2019 йилнинг биринчи чорагида AIM листингига қўйишни мўлжаллаяпти.

Унинг фикрича, Грузия банкининг жадал тараққий этишининг муҳим омилларидан бири чет элдаги юқори малакали грузин эмигрантлари орасидан менежерларни ўз фаолиятига жалб қилганидир. “Бу халқаро инвесторлар ишончини қозонишда муҳим роль ўйнаган”, дейди Жуманов.

Унинг умид билдиришича, ана шундай ўзбек эмигрантлари ҳам UzFin ривожланишида муҳим роль ўйнайди. “Глобал миқёсда ўзбек диаспорасини фаол жалб қилиш стратегиямизнинг катта қисми”, дейди Алишер Жуманов. “Уларнинг она ватани билан ришталари жуда мустаҳкамдир”.

Шавкат Мирзиёевнинг чорловига лаббай деб жавоб берган яна бир эмигрант Одилбек Исаковдир. Ўзбекистон Марказий банкида ўз фаолиятини бошлаган банкир ҳаётининг охирги 12 йилини Лондонда HSBC банкида ўтказди. У жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон молия вазирининг маслаҳатчиси, Молия вазирлиги янги бошқарма бошлиғи этиб тайинланди. У мамлакатнинг евробондлар чиқаришини мувофиқлаштиради.