Ўзбекистонда илк бор “Краудфандинг” платформаси — Mfond.uz ишга туширилди

    Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистонда илк бор “Краудфандинг” (халқ томонидан молиялаш) биринчи платформаси Mfond.uz ишга туширилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

    Платформа мактаб раҳбарлари учун ўқув муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилишга қаратилган бир восита ҳисобланиб, жалб қилинган маблағларни ишлатишда очиқлик ва ҳисоботлилигини таъминлаб беради.

    Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган хайрия жамғармаси мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча пул тўплаш ҳамда ногирон ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш учун сарфланади.

    Mfond ҳомийлик платформаси орқали ҳомийлар, ота-оналар, чет элда яшовчи ватандошларимиз, шу жумладан, мактабнинг собиқ ўқувчилари мактабларга ҳомийлик қилишлари мумкин. Маблағларни Payme, Upay, Click маҳаллий тўлов тизимлари ва халқаро Visa, MasterCard ва бошқа халқаро тўлов тизимлари орқали ўтказиш қулайликлари яратилган.

    Таъкидлаш керакки, ҳомийлар маблағларни маълум бир мактаб ҳисобига ёки умумий жамғарма ҳисобига ўтказиб беришлари мумкин.

    Жамғарма ҳисобидан лабораториялар, ақлли синфлар ва бошқа лойиҳалар яратиш, жиҳозлаш, мактаб инфратузилмаси, қолаверса ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни ривожлантириш учун маблағлар йўналтирилади.

    Лойиҳа раҳбари Рустам Каримжонов сўзларига кўра: “Ўзбекистонда бугунги кунда 10 мингга яқин мактаб фаолият юритмоқда, уларнинг 60 фоизини моддий-техника базаси мустаҳкамланиши керак. Ўзбекистондаги мактабларнинг фақат 37 фоизи компьютер синфига эга бўлиб, уларнинг 7 фоизи Интернет тармоғига уланган. Ҳукуматимиз томонидан мактабларнинг инфратузилмасини яхшилаш учун маблағлар ажратилмоқда. Аммо қисқа вақт ичида белгиланган мақсадларга эришиш учун ҳомийларни жалб қилиш лозим бўлади”.

    “Краудфаундинг тизимидан фойдаланган ҳолда, биз мактаблардаги шарт-шароитларни яхшилаш, фарзандларимизнинг таълим олишлари ва ҳар томонлама ривожланишлари учун қулай шароитлар яратиш бизнинг асосий мақсадимиздир. Бу мактаблар учун бир воситадир. Мазкур платформа ёрдамида улар маблағларни жалб қилишда ва сарф этишда шаффофлик ва ҳисоботлилигини таъминлайдилар. Тизим тўлиқ шаффоф. Фонднинг ишини тўлиқ ошкоралигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда олинган маблағлар ва улардан қандай фойдаланилгани ҳақида маълумотлар бериб борилади”, – деди у.

    “Биз барча юртдошларимизни фарзандларимизнинг таълим олишига ва улар учун ёрқин келажак яратишга ўз ҳиссаларини қўшишда бефарқ бўлмасликка чақирамиз”, – деб таъкидлади Каримжонов.