Вашингтонда Кэролин Лэммга Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени топширилди

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 22 августдаги Фармонига мувофиқ, Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди. Яқинда Вашингтон шаҳрида мазкур юксак мукофотни Лэмм хонимга тантанали топшириш маросими ўтказилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар берди.

    Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Америка жамоатчилиги вакиллари, экспертлар, мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ходимлари қатнашди.

    Таъкидланганидек, икки томонлама муносабатлар бугун ўзаро ишонч ва мустаҳкам дўстлик тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда. Шу йил май ойида Президентимизнинг АҚШга амалга оширган тарихий ташрифи давлатларимиз ҳамкорлигида янги саҳифа очди.

    Тадбирда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раисига “Дўстлик” ордени топширилди.

    — Президент Шавкат Мирзиёевга мени мана шундай юксак мукофотга лойиқ кўриб, юксак даражада эътироф этгани учун чексиз миннатдорлик билдираман, — дейди Кэролин Лэмм. — Бугун Ўзбекистонда бизнес ва тадбиркорликни рағбатлантириш, коррупцияга қарши курашиш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Айни шу жиҳатлар мамлакатга чет эл инвестициясини жалб этишда муҳим ўрин тутади. Биз, Америка — Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари АҚШ компанияларини шу йил 23 октябрда Тошкентда ўтказиладиган АҚШ — Ўзбекистон йиллик бизнес форумида иштирок этишга таклиф этамиз. Мақсадимиз — АҚШ тадбиркорлари билан ҳамкорликда муваффақиятга эришиш учун ўз билим, тажриба ва ресурсларимизни Ўзбекистон ҳукумати билан баҳам кўриш.

    К. Лэмм хонимга ушбу мукофот Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатларининг ҳар томонлама ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий соҳалардаги шерикчилик алоқаларини кенгайтириш, йирик инвестиция лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш ишларида юқори касбий маҳоратини намоён этиб келаётганлиги, халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни давомли ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан берилган эди.