Шавкат Мирзиёевнинг Европа Иттифоқи мамлакатига илк ташрифи — қисқача тафсилот

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 8-9 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

    Президент Шавкат Мирзиёевни Елисей саройи Эммануэль Макрон кутиб олди.

    Амир Темур ва Карл VI ҳурмати

    Шавкат Мирзиёев Франция расмий ташриф билан келган Европадаги биринчи мамлакат эканини қайд этиб, ўн бешинчи аср бошида буюк Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI давридан буён давом этиб келаётган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч мамлакатларимизни боғлаб туришига эътибор қаратди.

    Ўзбекистондаги ислоҳотлар Марказий Осиё учун янги йўл очади

    Эммануэль Макрон “Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар нафақат аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатнинг етакчи давлатлар сафига кириши, балки Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилаётган”ини таъкидлади.

    Минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш зарур.

    Қарийб 5 миллиард евролик битимлар

    Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати қарийб 600 миллион евро бўлган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди.

    Франциянинг «Эйрбас», «Тоталь», «Винчи», «Орано», «Тоталь Эрен», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

    Масалан, Франциянинг “Veolia” компанияси Тошкент сув таъминоти тармоқларини модернизациялайди. “Veolia” компанияси 2019 йилнинг биринчи ярмидан Тошкент сувоқава тизими ва ичимлик сув таъминоти тармоқларини модернизациялашга киришади. Шартнома бўйича француз компанияси Тошкент сувоқава тизими ва ичимлик сув таъминоти тармоқларини 25 йил давомида бошқаради. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 миллиард евро.

    Умуман, ташриф асносида умумий қиймати 5 миллиард еврога яқин инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар имзоланди.

    Ўзбекистоннинг фахрий француз фуқаролари

    Франциянинг таниқли адабиёт ва илм-фан намояндалари – ёзувчи Амин Маалуф, олимлар Фредерик Бопертюи-Брессанд хоним ва Франц Гренега Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси унвони берилди.

    Иккита француз университети филиал очади

    Иқтисодиёт, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиалларини очиш борасида келишувларга эришилди.

    Лувр Ўзбекистонни дунёга кўрсатади

    2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилди. Ушбу тадбир жаҳонга машҳур музейда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги мамлакатлардан бирига бағишлаб ўтказиладиган илк кўргазма бўлади. Умуман, ҳукуматлараро ва идоралараро жами 10 та ҳужжат қабул қилинди.

    Шавкат Мирзиёев Лувр музейига ташриф буюрди

    Лувр музейида Ўзбекистон тарихига ҳам оид минглаб ашёлар бор. Жумладан, Амир Темурнинг Карл VI га ёзган мактуби, Аҳмад Яссавий мақбараси учун Соҳибқирон томонидан ясатилган шамдон, қадимий қурол-аслаҳалар, битиклар ва бошқа осори-атиқалар шулар жумласидандир.