Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлади

    Ўзбекистон Халқаро миграция  ташкилотига аъзо бўлиши кутилмоқда. Бу ХМТ кенгашининг 2018 йил ноябрь ойида Женева шаҳрида ўтказиладиган мажлисида маъқулланиши режалаштирилаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Миграция бўйича Халқаро ташкилот (ХМТ) делегацияси учрашувида сўз борди.

    Бундан ташқари, меҳнат миграцияси соҳасида Халқаро миграция ташкилоти лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонда субминтақавий марказ сифатида фаолият юритадиган ХМТнинг камида иккита ваколатхонаси (тўла ҳуқуқли офислари)ни Ўзбекистонда (Тошкент ва Термиз шаҳарларида) ташкил этиш режалаштирилаяпти.

    Халқаро миграция ташкилоти Ўзбекистондан Польшага уюшган меҳнат миграциясини кенгайтиришга тўсиқ бўлаётган масалалар (кириш учун ишчи визаларини тақдим этиш)ни ҳал қилиш, Чехия ва Словакия, шунингдек, Канада, Австралия ва скандинавия давлатларига меҳнат миграцияси йўлларини ривожлантиришда кўмаклашади.

    Учрашувда ХМТ вакилларига уюшган меҳнат миграциясини ривожлантириш, хорижий давлатлардаги ўзбекистонлик мигрантлар ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлаш бўйича истиқболдаги ишлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг ХМТга аъзо бўлиши билан боғлиқ тайёргарлик чора-тадбирлари ҳақида маълумот берилди.