Владимир Путин Шавкат Мирзиёев билан Ўзбекистонда биринчи атом электр станция қурилишига старт беради

Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов Владимир Путинга ишонч ёрлиқларини топширди.

Владимир Путин ишонч ёрлиғини қабул қилишда Ўзбекистон Россиянинг стратегик шериги ва иттифоқчиси эканлигини қайд этжи. Унинг айтишича, бугун барча — сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқалар кенгайиб бормоқда.

Владимир Путиннинг қайд этишича, Тошкентга келгуси ҳафта режалаштирилаётган давлат ташрифи (17-18 октябрь) жараёнида Президент Шавкат Мирзиёев билан атрофлича музокаралар ўтказиб, уларнинг якунида қўшма ҳукуматлараро ва тижорат ҳужжатлари тўплами имзоланади.

“Ўзбекистон раҳбари билан бирга ҳудудлараро ҳамкорлик форуми мажлисида иштирок этамиз ҳамда Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станциясининг қурилишига старт берамиз”, деди у.

Ўзбекистондаги илк атом электр станцияси Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл сув омбори яқинида қурилади. Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори ўринбосари Илҳом Содиқовнинг сўзларига кўра, АЭС қурилиши учун Ўзбекистон бўйлаб 70 та жой ўрганиб чиқилган; улар орасида, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ташқари, Фарғона водийси ва Сурхондарёдаги нуқталар ҳам бор эди.

40 ёшли Асадов 1999 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2008 йили эса Ўзбекистон Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2000 йили Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида бошлаб, 2007 йилгача шу ерда турли лавозимларда ишлаган.

2007—2012 йилларда Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши девонида етакчи маслаҳатчи, 2012—2013 йилларда ТИВнинг МДҲ, ОДКБ ва ШҲТ билан ҳамкорлик масалалари бўйича бошқармасида бошлиқ, 2013—2015 йилларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида маслаҳатчи ва ШҲТ котибиятидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили, 2015—2017 йилларда эса Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси бўлиб ишлаган.

2017 йили сенатор этиб сайланган, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси ўринбосари ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистоннинг Россиядаги аввалги элчиси Баҳром Ашрафхонов сентябрь ойи бошида «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.