Америкалик мусулмонлар Питтсбургдаги отишма қурбонлари учун 100 минг доллар маблағ тўплашди

АҚШдаги мусулмонлар жамияти Питтсбургдаги яҳудийлар синагогасига ҳужумдан жабрланганларга 100 минг доллар миқдорида хайрия маблағи тўплади. Бу ҳақда Washington Post хабар беради.

Маълум бўлишича, иккита нодавлат нотижорат ташкилоти — Celebrate Mercу ва MPower Change синагогадаги отишма қурбонлари учун хайрия маблағи тўплаш акциясини эълон қилишган. Улар аввалига тахминан 25 минг доллар атрофида пул йиғишни ният қилишган эди. Аммо уч кун ичида 100 минг доллардан ортиқ маблағ тўпланган.

Яқин кунларда хайрия акцияси давомида тўпланган маблағлар Питтсбургдаги Ислом марказига ўтказиб берилади. Ушбу марказ яҳудийларнинг “Ҳаёт дарахти” ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Акция ташаббусларининг фикрича, молиявий ёрдам отишмадан жабрланганларга дафн ва даволаниш харажатларини қисман қоплаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, Питисбургдаги синагогага ҳужум маҳаллий вақт билан 27 октябрь куни тонгда, ибодатхонага ташрифчилар йиғилаётган вақтда юз берган. Ўқотар бино ичига кириб, яҳудийларга қарши қаратилган гап-сўзларни айтган ва ўқ узишни бошлаган. Воқеа жойига полиция етиб келганидан сўнг, отишма бошланган.

Отишма оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, яна олти киши, хусусан, тўрт полициячи яраланган. Ҳужум қилган шахс — 48 ёшли Роб Бауэрнинг ўзи кейинроқ полицияга таслим бўлган; у ярадор ҳолида касалхонага ётқизилган.