Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга ҳамдардлик билдирди

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Питтсбург шаҳридаги синагогада содир этилган отишма оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга ҳамдардлик билдирди.

    Эслатиб ўтамиз, Питтсбургдаги синагогга ҳужум маҳаллий вақт билан 27 октябрь куни тонгда, ибодатхонага ташрифчилар йиғилаётган вақтда юз берган. Ўқотар бино ичига кириб, яҳудийларга қарши қаратилган гап-сўзларни айтган ва ўқ узишни бошлаган. Воқеа жойига полиция етиб келганидан сўнг, отишма бошланган.

    Отишма оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, яна олти киши, хусусан, тўрт полициячи яраланган. Ҳужум қилган шахс — 48 ёшли Роб Бауэрнинг ўзи кейинроқ полицияга таслим бўлган; у ярадор ҳолида касалхонага ётқизилган. Америка ОАВлари Бауэрнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига асосланиб ёзишича, у нацистлар ва Адольф Гитлер тарафдори.