Ўзбекистонда барча фанлар инглиз тилида ўқитиладиган умумтаълим мактаблари очилади

Вашингтон шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация АҚШ Таълим вазири Элизабет Девос билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, учрашувда жорий йилнинг май ойида ўтказилган олий даражадаги Ўзбекистон-Америка учрашувлари доирасида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Шу нуқтайи назардан ўқув жараёнини бошқариш, тизимга АКТ жорий этиш, ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда мактаб таълимини молиялаштириш моделлари механизмларини такомиллаштириш борасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилди.

Javlon Vahobov

Инглиз тилини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро меморандумни изчил имплементация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шу қаторда барча фанлар инглиз тилида ўқитиладиган умумтаълим мактабларини очишдан томонлар бирдек манфаатдорлиги таъкидланди.

Америка томони ҳамкорликнинг дастлабки босқичларида ўқитувчиларни он-лайн тайёрлаш тизимини йўлга қўйишда ҳамда кейинчалик АҚШнинг соҳавий университетлари билан биргаликда замонавий таълим услубларига асосланувчи махсус дастурларни ишлаб чиқишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди

Музокаралар якунига кўра Ўзбекистонда мактаб таълими тизимини такомиллаштиришда АҚШнинг илғор тажрибасини жорий этиш масалаларида икки вазирлик ўртасидаги алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

АҚШнинг энг нуфузли мактаблари фаолияти билан танишув

Ўзбек делегацияси аъзолари, шунингдек, Нью-Йоркдаги машҳур мактабларда бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.

Frank Mur/Facebook

Ана шундай мактаблардан бири Dwight School New York мактабидир. У нуфузли халқаро хусусий мактаб бўлиб, учта қитъани қамраб олган. Лондон, Сеул, Дубай ва Шанхайда ўз кампусларига эга. Буларнинг барчаси ўқувчиларга саёҳат қилиш, маданий таълим ва ўқув дастурларида иштирок этиш имкониятини беради. Дуайт мактаби 1872 йилда ташкил этилган бўлиб, Нью-Йоркдаги энг кўҳна таълим муассасаларидан бири саналади. Мактаб ўз анъаналари билан ғурурланади. Шунга қарамасдан, мактабда инновацияларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Мактаб 3 уйдан 19 ёшгача бўлган болаларга таълим беради. Маълумотларга кўра, мактабда 800 га яқин ўқувчи таҳсил олади.

Frank Mur/Facebook

Таълимда ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиши билан ажралиб туради. Бу принцип ҳар бир болага бетакрорлиги ва ўзига ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ўқитувчиларнинг қўллаб-қувватлови, фаол ижтимоий ҳаёт ҳамда ўқишга қизиқишни оширишга интилиш таълимнинг ҳамма учун жозибадорлигини оширади. Дуайт дастурлари персоналлаштирилган ўқиш, ижтимоий ривожланиш ва глобал назар билан мазмунан бойитилган.

Мактаб дастурлари турли соҳаларни қамраб олади. Аниқ фанлардан тортиб, ижодий машғулотлар ҳам бор. Фанларнинг барчаси олинган билимларни амалиётда қўллашга қаратилган.

Ўзбек делегацияси ташриф буюрган яна бир мактаб бу The Dalton School ҳисобланади.

Frank Mur/Facebook

The Dalton School мактаби дунёдаги энг қиммат мактаблардан бири бўлиб, хусусий таълим муассасаларидан фарқли ўлароқ Далтон ўз ўқитиш стандартларини илгари суради. Бу стандартнинг асосини Далтон режасини ташкил қилади. Бу режага Ҳелен Паркхерст асос солган. Мазкур ўқув дастурининг моҳияти шундаки, ўқувчи ўзига қулай жойда ўзига мос темпда таҳсил олишига замин яратиш лозим. Яъни барча дарслар ўқувчи талаби асосида шаклланади.

Яъни мактаб ўқувчиларга жамият модели бўлиши керак. Ҳозирги дунёда ушбу режа асосида 200 дан ортиқ мактаб фаолият юритади.

Frank Mur/Facebook

The Dalton School 2003 йилда Гарвард, Йель,Принсентонга кирувчи ўқувчилар рейтингида 5-ўринда қайд этилган. The Forbes 2010 йилда Далтон мактабини энг яхши хусусий мактаблар рўйхатида 13-ўринга киритган.