Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев: “Санъат аҳли муҳожирларнинг кўнглини кўтариб туриши керак”

Яқинда Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев Америкада концерт берди. “Америка овози” радио халқнинг севимли артисти билан суҳбат уюштирди. Қуйида ушбу суҳбатдан айрим фикрларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

“Ўзбекистоннинг байроғини олиб келганмиз, саҳнага илиб қўямиз.

Биз мана шу ерга (Америкага) Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркистон (уйғурлар), яъни Ўрта Осиёдан келганларни хурсанд қилишга келганмиз.

Қўшиқларни жонли айтаман, фонограмма айтолмайман, менда унақа нарса йўқ. Руҳ тирик ҳолатда тирик одамларга етиб боради.  Ўлик нарса тирик одамга етиб бормайди, фонограмма дегани ўлик ашула дегани. Унинг руҳи бўлмайди.

Давр ўзгарди. У пайтлар совет даври эди, бунақа эркин юрилмас эди, эркин гапирилмас эди. Ўзимиз ҳам қанақа юришни билмас эдик. Ёш бола эдик. Ҳозир биз мустақил бўлдик, жаннатмакон Ўзбекистоннинг озод фуқаросимиз.

Америкага гўзал яхшиликларни олиб келдик. Яхши ниятлар билан келдик. Бу юртда тижорат қилаётган юртдошларимиз бор, бошқа — тожик, туркман, қозоқ, қирғиз биродарларимиз ҳам бор, улар ҳам мустақил бўлган. Улар ҳам мустақил халқнинг фарзандлари. Улар ҳам ҳам шу ерда тирикчилик қилиб, файзли, баракали ишлар қилаяпти.

Санъат ва муҳожирлар

Чет элдаги муҳожирлар ўзи бизнинг авлодимиз. Улар бизнинг акамиз, укамиз, отамиз, онамиз, сингилларимиз, фарзандларимиз. Ота-оналар фарзандларига қандай қараса биз ҳам шундай қараймиз, сингиллар ҳам шундай қарайди. Чунки бу бизнинг авлодимиз.

Чет элдаги муҳожирлар билан кўпроқ кўришиш керак. Бир ҳафта юрсангиз, ортиқчалик қила бошлайди. Юртингизга, тупроғингизга кетишни истайсиз, ота-онангизни, қариндош-уруғни соғинасиз. Масалан, мен бир ҳафтадан ортиқ бирор жойда қололмайман. Соғинаман. Яқинда бир шоира синглимиз менга китоб берди. Ўқисам, кўзларимга ёш келди. У ичини ёзаяпти. Унинг ўғиллари бу ерда ўқир экан. Ўғилларининг олдига келган. Хўжайини билан бирга келибди. Ўшаларникида меҳмонда бўлдик, уйга кетгиси келаяпти. Китобини эрталабгача ўқиб чиқдим. Ҳаммасида юрт соғинчи, элнинг соғинчи, ўша тупроқларнинг соғинчи. Бу ерда тақдирнинг, Яратганнинг иши, уларнинг ризқ-насибаси шу ерда ёзилган.

Санъаткорлар келиб, муҳожирларнинг кўнглини кўтариб кетиши керак”.

Шуни қайд этиш керакки, “Ватандош” Ўзбекистон — Америка жамияти вакиллари юртимизнинг ардоқли санъаткорига эҳтиром кўрсатиб, Америкадаги ўзбекистонликлар номидан эсдалик совғалари тақдим этишди.

Sherali Jo'rayev "Amerika Ovozi" bilan suhbatda, Nyu-York

O'zbekiston Xalq artisti Sherali Jo'rayev 13-14-oktabr kunlari "O'zbegim" konsert dasturi bilan Nyu-Yorkda. Islom Karimov prezidentligi davrida ta'qibga uchrab, sahna va OAVdan chetlatilgan san'atkor Shavkat Mirziyoyev rahbarlikka kelishi bilan yana katta sahnaga qaytdi. Konsert tanaffusi paytida hofiz Amerika Ovozi bilan suhbatlashdi.

Posted by Amerika Ovozi on Sunday, October 14, 2018