“Америкада пайтим паспортимдаги стикер муддати тугади. Бошқа давлатларга борсам бўладими?”

Кўпчилик ватандошлар Америкада юрган пайтида хорижга чиқиш стикерлари муддати тугаб қолади. Стикер муддати тугагач, бошқа давлатларга, масалан, Канадага, Европа давлатларига боришади. Айримлар бу борада қандай ҳуқуқий оқибатлар борлигини яхши билишмайди. Шу ҳақда қисқача ҳуқуқий ахборот беришни маъқул кўрдик.

Стикерсиз четга чиқишга қандай жавобгарлик бор?

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон ҳудудига кириши тартибига кўра, Ўзбекистондан ёхуд хорижий давлатлардан (кириш учун кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган)  бошқа хорижий давлатларга стикер расмийлаштирмасдан чиқиш жавобгарликка олиб келади, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар бундан мустасно.

Яъни фуқаро Ўзбекистондан, масалан, Қозоғистон Республикасига (бизнинг ўртамизда визасиз режим ўрнатилган) рухсатнома ёзуви стикерини расмийлаштирмай чиқиб кетди. Бу ҳолатда қонун бузилиши мавжуд эмас. Бироқ у стикерсиз Ўзбекистон Республикасидан кириш учун виза талаб этиладиган АҚШга, ёки Қозоғистонда бўла туриб, тегишли стикерни олмасдан Америкага сафар қилишга қарор қилса, у ҳолда  бу ЖКнинг 223-моддаси 1-қисми билан кўзда тутилган жавобгарликка, яъни 200 дан 400 ЭКИҲгача жарима солинишига  олиб келади.

Стикер муддати чет элда тамом бўлса, жавобгарлик борми?

Стикернинг амал қилиш муддати чет элда тамом бўлиши Ўзбекистонга киришда, шунингдек бир хорижий давлатдан бошқасига сафар қилишда жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатлардан бошқа хорижий давлатларга сафар қилиш бундан мустасно.

Ўзбекистон билан виза режими ўрнатилган давлат, масалан, АҚШ ҳудудида бўлиш даврида фуқаромиз стикерининг амал қилиш муддати тамом бўлди. У Ўзбекистонга қайтиши ёхуд исталган бошқа давлатга кетиши мумкин ва бу қонун бузилиши деб ҳисобланмайди. Бироқ агар у биз билан визасиз режим ўрнатилган бирор бир давлатга, масалан Россия Федерациясига  келса ҳамда у ердан Ўзбекистонга қайтмай, балки бошқа мамлакатга, масалан, Қирғизистонга кетса, у ҳолда бу энди қонун бузилиши ҳисобланади ва олдинги мисолда кўрсатилган жавобгарликка олиб келади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер)ни расмийлаштиришни бекор қилишни режалаштирмоқда.

Ҳужжатга кўра, хорижга чиқиш чоғида фуқароларга чет элга чиқиш учун биометрик паспорт расмийлаштирилади. Хорижга чиқиш учун биометрик паспорт чет элда бўлган фуқароларда ҳам бўлиши талаб этилади.

Чет элга чиқиш учун биометрик паспорт Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ва унинг эгаси шахсини хорижга чиқиш ва Ўзбекистон Республика ҳудудига кириш чоғида тасдиқловчи ҳужжат.

Чет элда доимий яшайдиган ва доимий консуллик рўйхатига олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун чет элга чиқиш учун биометрик паспорт эгасининг шахсини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган даврда тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.