Jamestown: Ўзбекистон темир йўл дипломатиясини фаоллаштирмоқда

The Jamestown Foundation глобал тадқиқот ва таҳлил маркази сайтида тадқиқотчи Фозил Машрабнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатида турли транспорт йўналишларини яратиш стратегияси таҳлилига бағишланган мақоласи чоп этилган. 

1-2 ноябрь кунлари Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Покистонда бўлди. Ўзбекистон делегацияси Покистон Бош вазири Имрон Хон, Ташқи ишлар вазири Маҳмуд Қуреши ва етакчи ҳарбий мулозимлар билан учрашди. Муҳокамалар чоғида Абдулазиз Комилов икки мамлакатни боғловчи темир йўл ётқизишни таклиф этди. Бу темир йўл Афғонистон орқали ўтади.

Ушбу таклиф 1 октябрда, президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифидан бир ой ўтиб билдирилди. Деҳлида Ўзбекистон раҳбари Ҳиндистон томонига Афғон темир йўл лойиҳасининг яна бир тармоғи бўлмиш Мозори Шарифни Ҳирот билан боғловчи йўналишни қуришда ҳамкорлик қилишни таклиф этди.

Ўзбекистон ҳукумати мазкур темир йўл қурилишига 500 млн АҚШ доллари ажратишини билдирди. Агар лойиҳа амалга ошса, бу Эроннинг Чабахар портига олиб чиқадиган энг қисқа йўналиш бўлади. Ҳиндистон томони бу таклифни ўйлаб кўришини айтди.

Транс-афғон темир йўл режаси анча йиллардан буён муҳокамада бўлиб келмоқда. Ҳозир бу режа Ўзбекистоннинг Афғонистон билан алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш стратегиясидаги муҳим бўғинга айланган. Савдони ривожлантириш учун Ўзбекистон афғон юкларига божни икки бараварга камайтирди.

Шунингдек, икки мамлакат Афғонистон юкларининг Ўзбекистон ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларига кенг миқёсда киришини таъминловчи келишувни имзоладилар. Икки мамлакат ўртасида эркин иқтисодий ҳудудлар яратиш борасида муҳокамалар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон МДҲдаги бошқа мамлакатларни Ўзбек-Афғон темир йўлидан фойдаланишга тарғиб қилмоқда. Россия президентининг 19-20 октябрь кунлари мамлакатга ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев Россия компанияларига Ўзбекистонда фабрика ва заводларни қуриш ҳамда маҳсулотлари билан афғон бозорини эгаллашни таклиф этган эди.

Таклиф Ўзбекистон-Россия стратегик мулоқотининг Афғонистон йўналиши хавфсизлик масалаларидан бошқа соҳаларга томон силжиётганидан дарак беради. Путин ҳам Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчликни қарор топтиришдаги уринишларини юқори баҳолади. Ўз навбатида, 2018 йил мартида Тошкентда афғон масаласи бўйича халқаро конференция ташкил этилган эди.

Ўзбекистон-Россия Бизнес форумида Россиянинг дон экспорт қилувчи йирик компанияларидан бири – “TH Siberian Giant” Сурхондарё вилоятида донни қайта ишловчи марказ қуришини билдирди. Марказда ишлаб чиқилган маҳсулот Афғонистон бозорига сотилиши мўлжалланган. Шунингдек, Беларусь президенти Александр Лукашенко ўзининг сентябрдаги Тошкентга расмий сафари чоғида мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Афғонистонга экспорт қилишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирганди.

Ўзбекистон аллақачон Афғонистонда бир қатор инфраструктура ва энергетика лойиҳаларини амалга оширди. Ўзбекистон Афғонистоннинг муаммолари бўлмаган ягона қўшни давлат ҳисобланади. Агар ташқи қудратли давлатлар Афғонистонда ўз таъсирини ошириш учун курашаётган бўлса, стратегик жиҳатдан Ўзбекистоннинг Афғонистонга таъсири сезиларли эмас.

Шу боис, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ўзининг ташриф рўйхатига Ўзбекистонни киритмади. У 7-20 ноябрь кунлари Афғонистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Саудия Арабистонига ташрифини амалга оширмоқда. Бу давлатлар Афғон муаммосини ҳал этишдаги қарама-қарши манфаатларга эга бўлган мамлакатлардир.

Жаҳон бозорига чиқиш Ўзбекистон учун жиддий муаммолардан ҳисобланади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, минтақалараро инфраструктураларнинг номақбул тарзда ривожланиши Марказий Осиё ва бошқа минтақалар ўртасидаги савдонинг қимматга тушишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мамлакатни Покистон ва Эрон билан боғловчи транс-афғон темир йўл йўналишидан ташқари, янги йўналишларда ҳам иш олиб бормоқда. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл йўналиши ана шундай муҳим лойиҳалардан биридир. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар илиқлашгандан сўнг ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши борасида бир оз оптимизм пайдо бўлди. Ниҳоят учала томон мазкур темир йўл қурилиши бўйича битим имзоладилар. Бироқ шунга қарамай, ушбу лойиҳа кўпгина тўсиқларга дуч келмоқда.

Ўтган ой Қирғизистон Молия вазири ҳукуматни Хитойдан бошқа қарз олмасликка чақирди. Чунки мамлакатнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 70 фоизини ташкил этади. Бунгача ҳукумат мазкур темир йўл қурилишини молиялаштириш учун Хитойдан қарз олишни мўлжаллаган эди. Бунга қўшимча тарзда, Хитой томонидан молиялаштирилган лойиҳаларнинг коррупциялашуви ҳолатлари учраганини ҳам келтириш мумкин.

2017 йилда Бишкек электр станциясини таъмирлаш ишлари қирғиз расмийлари ва Хитой компаниялари ўртасидаги коррупция туфайли тўхтатилган эди. Бундай ҳолатлар мамлакатда Хитойга алоқадор бўлган ҳар қандай лойиҳаларга қаршиликни юзага келтирди. Буларнинг барчаси Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли келажаги борасидаги жиддий саволларни пайдо қилади.

Ўзбекистоннинг темир йўл дипломатиясидаги сўнгги кичик силжиш мамлакатнинг жаҳон бозорига чиқишга мўлжалланган ва шу вақтгача амалга оширилмай келинган режаларини рўёбга чиқаришнинг бир қисми ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатнинг минтақавий хабга айланиш истаги ҳам мавжуд. Бироқ юзага келган вазиятда қўшни Афғонистон ва Қирғизистондаги кўп миллионли лойиҳалар олдида турган геосиёсий ва молиявий муаммоларнинг ечимини топишда ҳукумат етарлича тажрибага эга эмаслиги кўриниб қолди.

Темир йўл дипломатияси Ўзбекистоннинг Афғонистон, Ҳиндистон ёки Покистон билан расмий учрашувларида имзолаган декларациялари орқали чексиз тарзда давом этиши мумкин. Бироқ бу транс-афғон лойиҳаларининг муҳим қисми бўлган ва боши берк кўчага кириб қолган Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТAPI) газ қувури каби ҳеч қандай натижага олиб келмайди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон сабр ва мулоҳазакорлик билан Афғонистон ҳамда Қирғизистонда сиёсий ва иқтисодий ресурсларини шакллантириши лозим. Мазкур ресурслар кўзланган мақсадларга эришишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Акс ҳолда, яқин келажакда Ўзбекистоннинг барча уринишлари йўққа чиқиши мумкин.

Таржима: Турон24