Бугун АҚШда оралиқ сайловлар куни — Трамп учун синов куни

Оралиқ сайловлар нега муҳим?

Оралиқ сайловлар Америка сайлов жараёнида президент сайловидан сўнг турадиган муҳим сиёсий жараён саналади. У айнан президент сайловлари оралиғида бўлиши сабабли ҳам Midterm elections дейилади. Бу сайловда конгресс қуйи палатаси тўлиқ, яъни вакиллари палатасининг 435 нафар аъзоси, сенат аъзоларининг учдан бир қисми қайта сайланади.

Конгрессга оралиқ сайловларда сайловчилар АҚШнинг амалдаги президенти сиёсатидан розилигини ёки норозилигини билдиришади, шунинг учун бу сайловларни қандайдир маънода ишонч вотуми дейиш ҳам мумкин. Аксарият ҳолатларда оралиқ сайловларда президентнинг рақиби бўлган сиёсий партия вакиллари конгрессда ўз мавқеини мустаҳкамлаб олишади.

Жорий оралиқ сайловлар нега муҳим?

Оралиқ сайловларда асосий омил ҳар доим сайловчилар иштироки, яъни явка бўлиб келган. Одатда у президент сайловидагидан кўра камроқ бўлган. Аксарият Америка нашрлари фикрича, 2018 йилги сайловларда мамлакат икки лагерга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Бу сайловда қайси кучлар сайлов участкасига кўпроқ сайловчи олиб келса, ўша ютиши мумкин. Кўпчилик демократлар республикачилардан қасос олиш мақсадида фаолроқ бўлиб, кўпроқ тарафдорларини олиб чиқиши кутилаётган эди, аммо охирги ойда республикачилар бирмунча жонланди.

Сайлов натижалари қандай якунланиши мумкин?

Агар сайлов натижаларига кўра, демократлар вакиллар палатасида кўпчиликни, республикачилар сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритса, Трамп учун қонунларни қабул қилишда мураккабликлар юзага келади, лекин айни пайтда Трамп зарур номзодларни тасдиқлашда сенат кўмагига умид қилса бўлади.

Агар сайловда бугунги ҳолат такрорланса, яъни ҳар иккала палатада республикачилар ғалаба қозонса, Трамп маъмурияти катта устуворликларга эга бўлади. Конституциянинг 14-моддасида белгиланган конституциявий ҳуқуқ, яъни барча мигрантларнинг АҚШда туғилган фарзандлари АҚШ фуқароси бўлиши ҳақидаги норма бекор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ёш вақтида АҚШга олиб келинган мигрантлар фарзандларига нисбатан қонунчилик қатъийлаштирилиши мумкин. Ва ниҳоят Трамп АҚШ ва Мексика ўртасида девор қуришга конгрессдан маблағ олиши мумкин.

Агар сайловда демократлар иккала палатада ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритса, у ҳолда Америка сиёсий бошқаруви анча ланж ҳолатга тушиб қолади, бундан, албатта, иммигрантлар ютади.