Flydubai 11 мартдан Дубай ва Тошкент ўртасида рейсларни бошлайди

Дубайнинг flydubai авиакомпанияси 11 мартдан эътиборан Дубай ва Тошкент ўртасида рейсларни амалга оширишни бошлайди. «Газета.уз»нинг хабар беришича, рейслар ҳафтасига беш марта, 31 майдан бошлаб эса ҳар куни амалга оширилади.

Янги йўналиш бўйича парвозлар Emirates авиакомпанияси билан имзоланган код-шеринг шартномаси асосида Дубай аэропортининг 3-терминалидан, Boeing 737 MAX 8 самолётларида амалга оширилади.

flydubai’нинг ижрочи директори Гейт ал-Гейт у раҳбарлик қилаётган авиакомпания Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни таклиф этувчи БААнинг илк миллий авиаташувчисига айланганидан мамнунлигини билдирган.

«Бу туризм ва савдо оқимларини янада ривожлантириш имкониятларини беради, шунингдек, Дубай билан авиақатновлар етишмовчилигини ҳис қилаётган бозорларни очишга ва уларга Дубайга саёҳат қилиш учун кўпроқ танлов тақдим этишга бўлган интилишимизни намоён этади», — деди у.

flydubai 2010 йил ноябридан бери Марказий Осиё шаҳарларига парвозларни амалга оширади. Авиакомпаниянинг минтақадаги илк йўналиши Ашхобод бўлган. 2012 йил февралидан Бишкекка, 2013 йил апрелидан Душанбега, 2014 йил сентябридан Олмаота ва Чимкентга, 2015 йил октябридан эса Остонага рейслар амалга оширила бошланган.

Emirates авиакомпанияси 2017 йил июлида flydubai билан эълон қилинган код-шеринг шартномасига мувофиқ, янги йўналиш бўйича рейсларга ўз кодини қўяди. flydubai рейсларини брон қилиш вақтида Emirates йўловчиларига эконом-классда ҳам, бизнес-классда ҳам Emirates даражасидаги бепул егулик ва багаж нормаси берилади.

Бизнес-класс учун қайтиладиган тариф қиймати 7500 дирхам (1785 доллар)дан бошланади, бунда 40 килограммлик юк ва барча йиғимлар ҳисобга олинган. Эконом-класс тарифлари эса 1545 дирхам (420 доллар)дан бошланади, бунда 7 кило қўл юки ва барча йиғимлар ҳисобга олинган.

Рейслар жадвали эса қуйидагича:

FZ1941 Дубай—Тошкент: учиш — 21:20, қўниш — 1:45;
FZ1942 Тошкент—Дубай: учиш — 3:15, қўниш — 6:05.