Визадаги муаммолар сабабли Ўзбекистондан чиқиб кетолмаган чет эллик ёш оиланинг моддий зарари қоплаб берилади

    Эр-хотин сайёҳлар — Италия фуқароси Людовик Бартоли ва Германия фуқароси Филипп Эрфюрт билан юзага келган муаммоли вазият ҳақида «Газета.уз» интернет нашр хабар қилган эди.

    Мазкур ҳолат юзасидан Туризмни ривожлантириш қўмитаси ўз муносабатини билдирди. Унда қайд этилишича, электрон виза чиқарилган кундан бошлаб 90 кун мобайнида амал қилади. Хорижий фуқаронинг республика ҳудудига кириш вақтида визанинг амал қилиш муддати 30 кундан кам бўлса, хорижий фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш муддати электрон визанинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак. Яъни, ажратилган вақтдан кўра узоқроқ бўлиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 225-моддасига биноан «Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади». Ушбу Кодекснинг 245-моддасига асосан «Маъмурий судлар ушбу Кодекснинг 225-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқадилар».

    Дунёнинг кўпгина мамлакатларида кириш визаси ташриф буюрувчи сафарни амалга ошираётган мамлакатга кириш ҳуқуқини беради ва визанинг амал қилиш муддати — уни олинган санасидан эмас, балки ташриф буюрувчининг сафарни амалга ошираётган мамлакат чегарасини кесиб ўтган санасидан ҳисобланади. Ушбу меҳмонлар шу кунгача жуда ҳам кўп саёҳат қилганликларидан келиб чиқиб, бизнинг республикамизда ҳам юқорида келтирилганидек тартиб амалда деб ҳисоблашган. Шу ўринда, дунёнинг кўпгина мамлакатларида ташриф буюрувчи виза тартибини бузганда, аэропортда бевосита минимал жарима ундирилиши ёки шахсий маълумотларини тегишли маълумотлар базасига ҳеч қандай жазо қўлламасдан киритиб қўйиш амалиёти кенг тарқалган. Афсуски, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий база кўп жиҳатдан бугунги кун талабларига мос келмасдан қолмоқда ва уларни такомиллаштиришни замон талаб қилмоқда. Шу боис, қабул қилинган “Туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси“да биринчи навбатда келгуси етти йил мобайнида устувор вазифалар сифатида ўтган йиллар давомида орттирилган тажриба ва дунё мамлакатлардаги қонун қоидаларни ҳисобга олиб ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва халқаро нормалар ва стандартларни юртимизда жорий этишдан иборат.

    Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Чегара қўшинлари ходимларига белгиланган дам олиш кунларига қарамай, ушбу ҳолат юзасидан қонунчилик доирасида тезкор ёрдам кўрсатганлиги учун алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Бундан ташқари, Юнусобод туман маъмурий судининг судьясига энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдорида жарима ундириш юзасидан, у ўзини белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб, ушбу қонун бузилиши ҳолати юзасидан маъмурий жавобгарликка тортиш тартибини чеклагани учун алоҳида миннатдорчилик билдиради.

    Бу ишлар ўз навбатида Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган суд ислоҳотларининг самарадорлигини яна бир бор тасдиқлайди, судьялар ҳар бир ишнинг моҳиятини тўлиқ ўрганиб, адолатли қарор қабул қилаётганларидан дарак беради. Бугунги кунда ушбу жиноятларнинг декриминаллаштирилиши, жарималар миқдорини камайтирилиши ва чегара ҳудудида уларни тегишли идоралар билан келишилган ҳолда мувофиқлаштирадиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, электрон визаларни бериш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ҳозирги кунда ҳам доимий иш олиб борилмоқда.

    “Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўнгги Фармони асосида Германия, Италия ва бошқа кўплаб мамлакатлар фуқаролари бизнинг республикамизга кириш учун визасиз тартибни жорий этилганлиги белгилаб берилгани арафасида вужудга келган ушбу ҳолат юзасидан афсусдамиз. Шу билан бирга, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ёш оила кўрган моддий зарарни қоплашга тайёрлигини, шунингдек, ёш оилага ўз маблағимиз ҳисобидан республикамиз бўйлаб VIP-саёҳат турини тақдим этишга тайёрлигини билдириб қоламиз”, дейилади баёнотда.