Андижонда 5 ёшли қизчанинг ўлимида айбланиб унинг қўшниси қўлга олинди

Жорий йил 28 январь куни Андижон вилояти Пахтаобод туманида беш ёшли қизчанинг жасади топилди. Унинг қўшниси М.И. қотилликда айбланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «Газета.uz».

Тергов жараёнида маълум бўлишича, ҳодиса душанба куни тахминан 14:00 атрофида содир бўлган. Содир этилган жиноятни яшириш мақсадида М.И. қизчанинг оёқ кийимларини ҳожатхонага ташлаб юборади, унинг жасадини эса синтетик қопга жойлаштириб, яшаш хонасидаги пол остига кўмиб қўяди.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 28 январь куни Пахтабод тумани прокурори томонидан М.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида ушланган.

Жиноят иши бўйича 30 январь куни М.И.га айблов эълон қилиниб, шу куни унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда. Терговнинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.