Ихтиёр Абдуллаев ДХХ раиси лавозимидан озод этилди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев соғлиғи билан боғлиқ ҳолат сабаб эгаллаб турган лавозимини тарк этди. Бу ҳақда, ҳукуматдаги манбаларга асосланиб, «Газета.уз» хабар бермоқда.

Унинг ўрнини Ўзбекистоннинг собиқ мудофаа вазири, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов эгаллади. Ўз навбатида, шу вақтгача Тошкент ҳарбий округига қўмондонлик қилиб келган Баҳодир Қурбонов янги мудофаа вазири этиб тайинланган.

ДХХ раиси этиб тайинлангунига қадар Абдусалом Азизов (1960 йилда туғилган) 2017 йил сентябридан бери Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Ихтиёр Абдуллаев эса 2018 йил 31 январида Рустам Иноятов ўрнига ДХХ раиси этиб тайинланган эди.

Янги мудофаа вазирига айланган генерал-майор Баҳодир Қурбонов эса Тошкент ҳарбий округи қўшинларига 2018 йил февралидан бери қўмондонлик қилаётганди, унгача эса 2015 йилдан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи бўлган.