Россиядаги ватандошимизнинг қаҳрамонона жасорати тақдирланди

5 февраль куни Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасида (Россия) мамлакатимиз фуқароси Оламафруз Абдуллаев билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Сурхондарё вилоятида туғилган ҳамюртимиз 2018 йилнинг 31 декабрь куни Магнитогорск шаҳридаги турар-жой биноси портлашидан кейин ёрдамга шошилган биринчи инсонлардан бири бўлиб, қутқарувчилар келгунга қадар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бино қолдиқлари орасидан саккиз кишини қутқаришга муваффақ бўлган эди.
Учрашувда унинг беғараз ва қаҳрамонона ҳаракати Россия матбуоти томонидан кенг ёритилганлиги ҳамда ватандошимиз жасорати ва ўзгалар қайғусига бефарқ эмаслиги таъкидланди.
Бош консулхонадаги учрашувга Россияда вақтинчалик бўлиб турган ҳамюртларимиз, жумладан, олий таълим муассасалари талабалари, шунингдек, Свердловск вилоятидаги ўзбек диаспораси раҳбари Зокир Аллабергенов ҳам таклиф этилди.
Учрашув якунида Оламафруз Абдуллаевга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири номидан қимматбаҳо совға ва мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси фахрий ёрлиғи топширилди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан унинг 7 февралда она юртига келиши учун Екатеринбург ─ Тошкент рейсига бепул билет тақдим этилди.​​