Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳукуматини “ихчамлаштирмоқда”

Бугун Ўзбекистонда ҳукумат фаолиятига доир муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилди ҳамда унга Алишер Султанов раҳбар этиб тайинланди.

Очилбой Жуманиёзович Раматов Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — транспорт вазири этиб тайинланди.

Аввалроқ Очилбой Раматов (1962 й. т.) бош вазирнинг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» темир йўл компанияси бошқаруви раиси (2002 йилдан) — Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган эди.

Транспорт вазирлиги ташкил этилгани тўғрисида расмий ахборот берилганича йўқ, бироқ 2019 йилги Давлат дастурида 1 июлга қадар транспорт соҳасида (ҳаво, темир йўл, автомобиль транспорти ва метрополитен) давлат бошқаруви бўйича ягона давлат тариф сиёсатини амалга оширувчи орган ташкил этиш кўзда тутилган эди. Янги органга «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси (Uzbekistan Airways) давлат-ҳокимият ваколатлари берилади.

Бош вазир ўринбосари — таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт, туризм масалалари бўйича ҳукумат комплекси раҳбари Азиз Абдуҳакимов ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича бош вазир ўринбосари бўлди.

Бош вазир ўринбосари — молия вазири — Вазирлар Маҳкамасининг макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари комплекси раҳбари Жамшид Анварович Қўчқоров (1964 й. т.) Бош вазир ўринбосари — молия вазири этиб тайинланди.

Бош вазир ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ўз лавозимини сақлаб қолди.

Аввалроқ Элёр Ғаниевнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича бош вазир ўринбосари этиб тайинланган эди.