Ватандошлар Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини тақдим этишди

Тошкентда 5 февраль куни “Ўзбекистон – 2035” иккинчи халқаро форуми ўз ишини бошлади.

Мазкур форум Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасининг муҳим иқтисодий ва сиёсий йўналишларини муҳокама этишга бағишланган бўлиб, унда депутатлар, вазирлик ва идоралар, илмий-таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари, “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзолари қатнашмоқда.

Концепция мамлакатни узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тўртта сценарийсини — эволюцион, жадал суръатлар, пессимистик ва прогрессив сценарийларини қамраб олган. Уларнинг ҳар бирида узоқ муддатли ташқи таҳдидлар, макроиқтисодий хусусиятлар, иқтисодиёт учун зарур инвестициялар, аҳоли ўсиш суръатлари, ислоҳотларни амалга ошириш суръатларини инобатга олинган.

“Буюк келажак” экспертлар кенгаши раиси, “Роснано” инвестиция бўлими раҳбари Алишер Калановнинг айтишича, экспертлар мақсадли сценарий сифатида мамлакатни жадал суръатларда ривожлантириш моделини олишган. Унга кўра, жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялар миқдори 1 триллион, инфляция ўсиш суръатлари 5 фоиз, аҳолининг ўсиш суръатлари йилига 1,4 фоизни ташкил қилади, валюта курси эса нисбатан барқарор қолади. Экспертларнинг прогнозига кўра, ушбу сценарий асосида номинал ялпи ички маҳсулот 10 каррасига, киши бошига эса 8 карра ўсиши мумкин.

Бу вазифалар асосида Ўзбекистон дунёнинг энг йирик 50 та иқтисодиётига эга мамлакатлари қаторидан жой олиши мумкин. “Ҳа, белгиланган марралар жуда баланд, кўплаб саволлар туғилиши мумкин. Айримлар бунинг иложи йўқ дейишмоқда. Аммо бизнинг назаримизда, узоқ истиқбол учун шундай мақсадлар қўйилиши лозим. Бундай мақсад бутун инсон, молиявий, бошқарув ва бошқа ресурсларни ишга солади ҳамда моҳиятан “миллий ғоя”га айланади”, деди у.

– Ҳозирги пайтда бор куч, сармояни инсон капиталини ривожлантиришга сарфламасдан тараққиётга эришиб бўлмайди, – дейди “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзоси Малика Шарипова ЎзАга берган интервьюсида. – Эътибор беринг, Америка Қўшма Штатларида 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган ҳар бир фуқаронинг таълим олиши учун давлат бир йилда 231 минг доллар, Жанубий Корея 130 минг доллар сарфлайди. Шу тарзда мазкур мамлакатларда бир ишчи кучини шакллантиришга кетган харажат ўзини 13-17 карра оқламоқда. Бизда бу кўрсаткич 19 минг долларни ташкил этиб, сармоялар ўзини бор-йўғи 4 баравар қопламоқда.

Таҳлилларга кўра, жаҳонда саноат ривожланишининг янги босқичида кўплаб иш ўринлари автоматлаштириш ва рақамли технологиялар билан боғлиқ бўлади. Ҳозир ҳаттоки ривожланган мамлакатларда ҳам ишчиларнинг атиги 25 фоизи керакли малакага эга, холос. Шу боис ҳам ривожланган мамлакатлар бор эътиборини фуқароларининг билим олишига, малакасини доимий равишда оширишига қаратмоқда.

Келгуси 5 йил ичида жаҳонда барча меҳнат турларининг 7 фоизи автоматлаштирилиши тахмин қилинмоқда. Бу келажакда 57 фоиз ишчи-хизматчи ишсиз қолади, дегани. 2035 йилга бориб Ўзбекистонда ҳам худди шундай вазият юзага келиши эҳтимоли бор. Ҳисоб-китобларга кўра, 2035 йилгача мамлакатимизда 20,7 миллион меҳнатга лаёқатли кишини иш билан таъминлаш эҳтиёжи юзага келади. Бунга ҳозирданоқ тайёргарлик кўриш учун, аввало, жисмоний шахслар, компаниялар ҳар бир кишига мос келадиган коллектив ва оқилона ечимларни топиши зарур.