Ўзбекистонда Вебстер университети филиали очилади

Ўзбекистонда АҚШнинг Вебстер Университети филиали очилиши ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вебстер Университети ўртасида таълим хизматларини кўрсатиш ва иншоотлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланди. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистонда Америка олий таълим муассасаси (ОТМ)нинг биринчи доимий филиали очилишини тасдиқлайди.

Имзолаш маросимида Бош вазир ўринбосари Танзила Нарбаева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси вакили Илҳом Ҳайдаров ҳам иштирок этишди.

Вебстер томонидан бизнес-маъмурият, маркетинг ва тадбиркорлик, компьютер билимлари, журналистика ва медиа-саноат, соғлиқни сақлаш бошқаруви, STEM-таълим ва инновациялар ҳамда бошқа йўналишлар бўйича бакалавриат ва магистратура учун академик дастурларнинг тўлиқ спектри тақдим этилади.