Telegram-bot орқали ИИББга хабар юбориб пул ишлаш мумкин бўлади

    Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг facebookдаги @iibb.uz саҳифасида йўл ҳаракати қоидабузарликларини олдини олиш, қоидабузарларга чора кўриш бўйича олиб борилаётган ишлар, хусусан дастурий таъминот, интернет ва ижтимоий тармоқдан унумли фойдаланган ҳолда эришилган натижалар ҳақида хабар берди.

    @iibb.uz

    Жумладан, 2019 йилнинг 1 январь кунидан 22 март кунигача Ички ишлар бош бошқармасининг Telegram-bot дастурига келиб тушган хабарлар асосида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспекторлари томонидан қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан 293 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

    Қоидабузарлар жами 177 000 000 сўмдан ортиқ жаримага тортилган.

    Албатта, ахборот технологияларини соҳага фаол жорий қилиш ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини оширади. 

    Бу борада 2018 йил 20 сентябр кунида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тегишли янгиликлар белгиланган.

    Қарорга асосан 2019 йил 1 июлдан бошлаб:

    жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

    Шунингдек, 2019 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби амалга киритилади.

    Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Ҳамда хабар берган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

    Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ушбу рағбатлантириш тартиби йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

    Чунки, биринчидан, йўлларда автомобил ҳаракатининг тобора кўпайиши, баъзи ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини яхши билмаслиги, қоидабузарлик статистикасининг юқорилиги, автотураргоҳлар, тўхташ жойлари, йўл белгилари, чорраҳаларнинг ҳали яна ривожлантириш зарурлиги бунга сабаб бўлади.

    Иккинчидан, битта қоидабузарлик ҳақидаги хабари учун 10 136.5 сўм (ЭКИҲ 202730 сўм) пул мукофот олиш фуқароларга яхшигина қўшимча даромад манбаи бўлиши мумкин.

    Маълумот учун, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари орасида Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мултимедиа маркази ижтимоий тармоқларда, хусусан Facebook тармоғида фаол ишлаб келмоқда (@iibb.uz).

    @iibb.uz

    2018 йилнинг 14 декабр кунидан бошлаб Тошкент шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари билан мулоқот қилиш учун ГУВД: Диалог с населением (Ташкент) номли гуруҳни ташкил қилишди. Гуруҳда мулоқот ўзбек ва рус тилида олиб борилиши мумкин. Гуруҳ номи ва гуруҳ ҳақидаги маълумотлар фақат рус тилида эканлигини ҳисобга олмаганда, ички ишлар органининг ижтимоий тармоқда очиқ мулоқотга ҳаракат қилиши ижобий ҳолатдир.