Бош вазир Георгий лентасини оммалаштирилишини танқид қилди. Байрам арафасида миллий байроқ акс этган ленталар тарқатилади

Тошкент вилоятига доир янгиликларни ёритиб борадиган “Олтин воҳа” телеграм каналининг хабарига кўра 24 апрель куни Бош вазир А.Арипов видеоселектор йиғилишини ўтказган.

“Йиғилишда Бош вазир Георгий лентасини танқид қилди. Фейсбукда Ўзбекистон байроғи акс этган челленж уюштириш, бунда Шаҳзода, Райҳон каби санъаткорларни жалб этиш топшириғи берилди. Фақат эстрада вакиллари эмас, спортчилар, сўз усталари, зиёлилар ҳам бу акцияга қўшилиши кераклиги айтилди. Умуман, пропоганда машинасини тўла ишлатиш топшириғи берилди.

Бош вазир топшириғига кўра,  миллий байроғимиз акс этган ленталардан 100 минг нусхадан зиёд чоп этилади, тарқатилади”, – дейилган канал хабарида.

Шунга кўра, 9-май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида ва байрам кунлари байрам белгиси сифатида миллий байроқ тарғиботи, унинг ленталари тарқатилишига эътибор қаратилмоқда.

“Бу тадбир расмий тадбир эмас, меҳр билан, виждонан халқни бирлаштирадиган акция бўлиши керак”, – деган Бош вазир А. Арипов.