Корея Республикасидаги ватандошларимиз китоб хайрия қилиш акциясини уюшқоқлик билан давом эттирмоқда

Инчеон шаҳридаги Инҳа университети магистратурасида таълим олаётган ватандошимиз Рашид Тожибоев Кореядаги китоб акциясининг ташаббускорларидан ҳисобланади.

Китоб йиғиш акциясининг давом этиши бўйича суҳбатдошимиз таҳририятимизга қуйидагиларни маълум қилди:

“Биз ҳам Америкадаги ватандошларимиз билан бир кунда хайрия учун китоб йиғишни бошлаб юбордик. Ҳозиргача 220 тадан ортиқ турли соҳалар, мавзуларга оид инглиз, корейс ва ўзбек тилидаги китоблар тўпланди.

Китоб акцияси Ўзбекистон умумжаҳон ёшлари ассоциация билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Тўпланган китобларни юртимизга бепул етказиб беришда ёрдам беради. Ушбу хайрия китоблари ватанимизнинг олис туман ва қишлоқларида яшайдиган болалар ўқиши учун ўша жойлардаги мактабларга тарқатилади.

1 апрель куни бошланган акциямизни 1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунигача давом эттиришни режалаштирганмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Кореядаги барча ватандошларимизни ушбу китоб хайрия қилиш акциясида иштирок этишга чақириб қоламан. Акцияда иштирок этмоқчи бўлганлар китоб бериши ёки моддий маблағ билан ёрдам беришлари мумкин.

Китоб хайрия қилиб келажак авлоднинг илмли бўлишига ва Ўзбекистонимиз ҳам ривожланган давлатлар сафига киришига ўз ҳиссамизни қўшайлик.”

Кореядаги ватандошлар ва умуман ушбу акцияга ҳисса қўшмоқчи бўлганлар Рашид Тожибоев билан унинг фейсбукдаги саҳифаси орқали боғланишлари мумкин.

Фото: Рашид Тожибоев фейсбук саҳифасидан.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат раҳбар ходимлари билан ўтказган йиғилишида раҳбарларни китобхонликка ва ёшларга , мактабларга китоб хайрия қилишга чақирганидан сўнг, бу ташаббус ватандошлар ва барча илмга беэътибор бўлмаган зиёлилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Китоб хайрия акциялари АҚШдаги ватандошларимиз томонидан фаол давом эттирилаётгани ҳақида олдинроқ хабар берган эдик.

Бошқа давлатларда яшаётган ватандошларимиз ҳам ушбу хайирли акцияга қўшилади деб умид қилиб қоламиз.